“Сурия ҳурматга лойиқ жамоа эканига нафақат биз, балки бутун Осиё амин бўлди”, деди Самвел Бабаян.
“Эртага ЖЧ–2018 саралаши доирасида 6-учрашувни ўтказамиз. Сурия ҳурматга лойиқ жамоа эканига нафақат биз, балки бутун Осиё амин бўлди. Тошкентда ўтган ўйинда ташаббусга эга бўлишимизга қарамай, рақиб ҳимояда мустаҳкам ўйин намойиш қилганди. Жамоа тартибли ўйин кўрсатади, таркибида эса индивидуал маҳоратга эга футболчилар бор. Бизда эса таркибда муаммолар бор: Денисов майдонга туша олмайди, ҳужум чизиғидаги Игорь Сергеев ва Элдор Шомуродовнинг эртанги баҳсда иштирок этиши сўроқ остида турибди. Шунга қарамай, беллашувга жиддий тайёргарлик кўрдик ва майдонда нимага қодир эканимизни кўрсатиб, биз учун керакли натижани қайд этишга ҳаракат қиламиз”, – деди Самвел Бабаян.
“Асосий мақсадимиз – ЖЧ–2018 финал босқичига чиқишдан иборат. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиляпмиз. Шу сабабли ҳар бир бўлажак ўйин катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, эртага энг муҳим ўйин арафасида турибмиз. Айни вақтда Россияга йўл олиш учун неча очко керак эканини ҳисоблаш ўринсиз бўларди. Муҳими, ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриб, имкон қадар кўп очко олиш керак. Очколарни эса саралаш босқичи якунида ҳисоблаймиз”, – дея фикрини билдирди Бабаян.
“Терма жамоа учун эртага муҳим ўйилардан бири. Сурияга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз. Бу ерга бежизга келганимиз йўқ, учрашув натижаси бизнинг фойдамизга ҳал бўлишига умид қиламан. 3 очкони қўлга киритган ҳолда яхши кайфият билан ортга қайтамиз, деб ўйлайман”, – деди Сервер Жепаров.
Эслатиб ўтамиз, Сурия ва Ўзбекистон қарама-қаршилиги эртага, 23 март куни Малайзиянинг Малакка шаҳридаги Hang Jebat Stadium стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00 да старт олиши режалаштирилган.