Эрон ҳақли равишда мундиал йўлланмасини қўлга киритганини тан олишимиз керак.
Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Биринчи навбатда Эрон терма жамоасини Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2018 турнирига чиққани билан табриклайман. Улар ҳақли равишда мундиал йўлланмасини қўлга киритганини тан олиш керак. Ўзбекистонда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳамон имконият сақланиб қолди.
Мазкур ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида кўплаб йўқотишларга дуч келдик ва бугунги ўйин бошида йўқотишлар яна биттага кўпайди. Бу учрашувдаги режамизга ўз таъсирини ўтказди ва кутилган ўйинни кўрсата олмадик. Станислав Андреевнинг жароҳат олиб, майдонни тарк этиши ва мажбурий ўзгартириш амалга оширганимиз сабабли ўйланган режага кўра Сервер Жепаров бугун майдонга туша олмади.
Юқорида таъкидлаганимдек, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият сақланиб қолди. Қолган икки ўйинда сифатли ўйин кўрсатиб, бор кучимизга ишга солган ҳолда ғалаба қозонишимиз ва олдинга интилишимиз керак”, деди Самвел Бабаян.
Маълумот учун, 8-турдаги ғалабадан кейин Эрон терма жамоаси очколари сонини 20 тага етказиб, муддатидан аввал Россиядаги мундиалга йўлланма олди. Ўзбекистон 12 очко билан “А” гуруҳида учинчи ўринда қолди.
Фото: ЎФФ