Мабодо уни косметика нуқтаи назаридан олиб ташламоқчи бўлсангиз, гўзаллик салонига мурожаат қилишдан олдин онколог билан учрашишингизни тавсия қиламиз.
Айниқса, аёл гўзаллиги, унинг қуралай кўзи, қайрилма қоши, ғунча лабию шаршара сочлари энг гўзал сатрларга ўзига хос назокат бахш этган.
Шу ўринда аёл латофатига урғу берилаётганда — кулгич ва холга тўхталиб ўтишларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Масалан Ҳофиз Шерозийнинг ғазалида шундай сатрлар мавжуд:
Агар кўнглимни шод этса, ўшал шерозлик тур жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Бу беъжиз эмас, албатта. Холнинг инсон танасида ўзига хос ўрни бор. Демак, у гўзаллик нишонаси!
Буни қарангки, ушбу чиройли безакнинг ҳам хавфли томонлари бор экан. Бу сафарги тавсияларимиз айнан шу ҳақда...
Дунёга келганимизда ўнга яқин пигмент нишонлари (белгилари) билан туғиламиз. Сўнг уларнинг сони ё камайиб боради, ё аксинча, кўпайиб кетади.
Хол — фан тилида ранги, шакли ва ҳажми турлича бўлган табиий нишон (ўсма). Унинг ранги оч жигаррангдан тим қорагача бўлишини кузатгандирсиз.
Уларнинг ҳажми жуда майда ёки ёнғоқ катталигигача бўлиши мумкин. Шакли ҳам турлича, юмалоқ, чўзинчоқ, бўртган, танга ўхшаш ёйиқ...
Тери сатҳида жойлашган якка ёки тўдатўда холларни учратишингиз мумкин. Айрим ҳолларда туғма холлар устидан соч (тук) ўсиб чиқиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Хол ўз табиатига кўра юмшоқ ёки бироз дағалроқ бўлиши аниқланган. У тана аъзоларидан кўпроқ юзда, бел ва буғинлар атрофида учрайди.
Сўгаллар (суяллар) — бу терининг ҳомилалик (эмбрионлик) даври шаклланиш жараёнида пайдо бўлган ёки ҳаётда орттирилган айрим нуқсонларнинг “қафасга солинган” кўриниши.
Туғма доғларнинг механик таъсир: тирналиш, куйиш, бактерия тутиш оқибатида орттирилган сўгаллар пайдо бўлиши мумкин.
Меланома — терида пайдо бўладиган хавфли ўсимталардан бири бўлиб, тери сатҳи бўйлаб тезда тарқалиши ва ёйилиши билан ажралиб туради.
Кўпинча уларнинг пайдо бўлишига айнан туғма холлар сабаб бўлади. Агар эҳтиётсизликка йўл қўйилса, холдан 70–80 фоиз меланом пайдо бўлиши мумкин.
Беихтиёр тилиб юбориш...
Аскарият ҳолда механик таъсирлар, масалан кийим билан беихтиёр тилиб юбориш холлар ва сўгалларга боғлиқ бўлган кўнгилсизликларга олиб келади. Албатта, сизга ҳалақит берадиган холни ёмон кўрасиз.
Мабодо уни косметика нуқтаи назаридан (ҳуснингизни бузаётган бўлса) олиб ташламоқчи бўлсангиз, гўзаллик салонига мурожаат қилишдан олдин онколог билан учрашишингизни тавсия қиламиз.
Умуман, агар терингиздаги сўгал ёки хол (бошқа одатдаги тошмалар) сизни безовта қилаётган бўлса, аввал дермотолог ва онкодермотолог билан маслаҳатлашишингиз лозим.
Туғма нишон қандай хавфга эгалигини улар аниқлаганлари маъқул. Негаки сўгал ёки меланомлини фақат мутахассисларгина ажрата олишади.
Холлардан халос бўлишнинг бир неча усули:
1. Коагуляция — холларни, суял ва бошқа ёт ўсимталарни куйдириш усули. Бу “митти операция” ўзгарувчан ва ўзгармас электр токи ёрдамида амалга оширилади. Бу усулнинг афзаллик томони шундаки, ундан сўнг деярли чандиқ қолмайди;
2. Суюқ азот — ушбу усул кўпроқ йирикроқ сўгалларни бартараф этиш учун ишлатилади;
3. Лазер нури — агар ўсимталарнинг (тошмалар) диаметри 2–3 сантиметрга етса, мазкур усул қўлланилиши мақсадга мувофиқ;
4. Жарроҳлик — жарроҳлик операцияси орқали доғсимон (ёйиқ) холлар олиб ташланади. Бундай холлар олиб ташлангандан сўнг одатда теридан анализ учун нусха олинади ва меланом пайдо бўлиш хавфи борйўқлиги текширилади.
Ёдда тутинг!
Холларни ва тери ўсимталарининг бошқа кўринишларини ўзингиз йўқотишга уринманг. Бунда муолажалар тиббий марказларда мутахассислар томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ;
Агар терингизнинг очиқ қисмида (юз, қўллар, оёқ) туғма нишонлар бўлса, уларнинг меланомга айланиб кетмаслиги учун эҳтиёт чораларини кўришингиз даркор.
Айрим тавсиялар:
· вақтинча суана, қуруқ буғли ҳаммомлардан воз кечган маъқул;
· соляри ва офтобда тобланиш мумкин эмас;
· терининг холлар бор қисмида фотоэпиляция қилманг;
· хол ва бошқа тошмалар бор жойда пирсинг ва татуаж қилиш ярамайди;
· айна ўша жойларга оқартирувчи крем ва упалар суртманг;
· ҳар хил халқ табобати усулларини қўллайверманг.
Хавфни қандай сезиш мумкин?
Терингиздаги бирор туғма ёки орттирилган ўсимталарнинг (хол, сўгал, тошмалар) арзимас туюлган ҳар қандай безовталигида дермотологга мурожаат қилинг.
Хавфли белгилари:
· пигмент нишоннинг ҳажми кенгайиши ёки йириклашиши, ёхуд шиш пайдо бўлиши;
· қон оқиши, ёриқларнинг пайдо бўлиши;
· қизариши, қичиши ва ачишиш;
· одатдагидан ўзгача шаклга кириши;
· холнинг битта аниқ рангда бўлмаслиги;
· ҳар қандай тери доғларининг сезиларли даражада йириклашиши.
Хуллас, ҳуснингизга ҳусн қўшаётган ёки аксинча, “жиғингизга” тегаётган ҳар қандай тери нишонлари билан боғлиқ бирорта хаттиҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, аввал мутахассис билан маслаҳат қилинг.
Шундагина содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олган бўласиз.