Самарқанд вилоятида аёлларнинг таҳқирланиши ҳолати биринчи марта кузатилмаяпти.
Маълум бўлишича, аёл — уч фарзанднинг онаси, ўттиз беш ёшли Ф.У. бўлиб, воқелик “Қум ота бува” фермер хўжалиги раҳбари рухсати билан иш ҳақини чиқариб олиши учун ерга эккан мошини эри билан тераётган пайтда юз берган.
Таъкидланишича, дастлаб аёл йил бўйи қилган меҳнати учун пулини ололмаётгани сабаб Оқдарё туман прокуратурасига фермер устидан шикоят натижасида ҳақининг яримини олишга муваффақ бўлган, қолганини хўжаликнинг бўш ер майдонига мош экиб олиш эвазига қоплаш таклифига рози бўлган. Аёлнинг прокуратурага мурожаат қилгани фермернинг укаларига ёқмайди, натижада уни мош экилган даланинг ўзида уриб, ерга юзтубан ётқизиб, таҳқирлашади ва бу жараённи ўзлари тасвирга ҳам олишади.
Айни ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан ўрганилиб, судда кўрилгач, аёл ва унинг турмуш ўртоғи “мош ўғриси” тариқасида жарима жазосига тортилади. Аёлни қийнаган фермернинг укаларига эса “енгил тан жароҳати етказиш” айблови билан энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жаримага тортилади.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси баъзи чораларни кўрибди. Қўмитанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали билдирилишича, аввалги суд жараёнида қабул қилинган қарор бекор қилинган.
“Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги “Қум ота бува” фермер хўжалиги ҳудудида бўлиб ўтган воқеа юзасидан фуқаро Ф.У.нинг мурожаати асосида 25.12.2018 йилда жиноят иши қўзғатилганлиги ва аввал чиқарилган маъмурий суднинг қарорини бекор қилиш тўғрисида прокуратура протести киритилганлигини маълум қиламиз.
Мазкур жиноят ишининг судда кўрилишида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиши белгиланди...”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойи бошида ижтимоий тармоқларда ИИБ биносида ички ишлар ходими бир аёлни ечинишга тасвирланган видео тарқалганди. Видеода ходим аёлни ҳақоратлаб, унинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилгани тасвирланганди.
Мазкур ҳолат ҳам маҳаллий, ҳам халқаро ОАВда жиддий эътирозларга сабаб бўлганди. Кейинроқ воқеа “қаҳрамони” Санъат Умаров экани ойдинлашиб, у ҳибсга олинганди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди Санъат Умаровга 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.