...
МЕНЮ
ONLINE TV

Рўзиқул Бердиев: “Хавини Қаршида кутган эдик, аммо...”


21:06, 12.03.2018 Спорт
 4 266

“Ал Садд” – “Насаф” баҳси эртага, 13 март куни Тошкент вақти билан 20:15 да бошланади.

Бугун, 12 март куни ОЧЛнинг 4-туридан ўрин олган “Ал Садд” – “Насаф” учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Матбуот анжуманида “Насаф” жамоаси устози Рўзиқул Бердиев ҳамда ярим ҳимоячи Азиз Ғаниевлар иштирок этиб ўз фикрларини билдириб ўтишди.
 
Рўзиқул Бердиев: – Бўлажак ўйинга тайёрмиз. Рақибни янада яқинроқ ўргандик. Эртага нафақат яхши натижа учун, балки чиройли ўйин кўрсатишга ҳам ҳаракат қиламиз.


 
Биз гуруҳда кучли рақибларга дуч келдик, аммо орқада қолишни истамаймиз. Эртага бўладиган ўйинда иккала жамоага ҳам уч очко зарур. Ғалаба қозонишимиз учун ҳужум қилишимизга тўғри келади.
 
Лекин ҳимояни унутмаслигимиз керак. Чунки рақибимизнинг ҳужум чизиғи жуда кучли шаклланган. Биз агар эртага очиқ ўйин намойиш қиладиган бўлсак, уларга осон бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб бўлажак ўйинга режа тузганмиз.
 
Такрор айтаман гуруҳимизда кучли жамоалар йиғилишган. Ҳозир учта жамоа бир хил, яъни олти очкога эга. “Ал Васл” жамоаси учта мағлубиятдан сўнг, имкониятини пасайтириб юборди.
 
Ўйлайманки, гуруҳдан чиқиш учун кураш мана шу уч жамоа ўртасида кечади. Бу ҳам бўлса тахмин, аслида бўлажак ўйинлар натижаси бунга аниқлик киритади.
 
Драган Черан? У – майдонга тушишга тайёр, Черан бизга албатта ёрдам беради.
 
Албатта, биз Хавига қарши ўйнашни узоқ кутдик (кулади). Уни мухлислар ҳам Қаршида кутишди. Футболчилар ҳам унга қарши ўйнашни иштиёқ билан кутишаяпти. Таркибимиздаги ёш футболчилар учун бу қувончли воқеа бўларди. 
 
Азиз Ғаниев: Эртага бўладиган ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Рақибимизнинг қандай ўйин кўрсатиши бизга маълум. “Ал Садд”нинг кучли ҳужумчилари бор.
 
Биз рақибимизни ҳурмат қилган ҳолда ижобий натижани қўлга киритиш уринамиз. Мухлисларимиз биздан шуни кутишмоқда.
 
Хавига қарши ўйнаш? Хавидек футболчига қарши ўйнаш ҳар бир футболчи учун шараф.
 

 
Биз Хавини Қаршида кутган эдик. Аммо у келмади. Такрор айтаман, рақибимиз сафида ким ўйнашидан қаттъий назар, биз эртага ижобий натижани қўлга киритиш учун ўйнаймиз.
 
Эслатиб ўтамиз, Қаршида бўлиб ўтган “Насаф” – “Ал Садд” ўйини мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топганди. “Барселона” ва Испания терма жамоаларининг собиқ ярим ҳимоячиси Хави эса жароҳат сабаб Қаршига кела олмаган.
 
Маълумот учун, “Ал Садд” – “Насаф” баҳси эртага, 13 март куни Тошкент вақти билан 20:15 да бошланади.

Теглар:Рўзиқул Бердиев Азиз Ғаниев Насаф Ал Садд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!