Ислом Каримов ва Владимир Путин учрашувида икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлиги ва уни ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг ташкилот ишини янада фаоллаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Владимир Путин Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўладиган саммити муҳокамасига киритилиши мўлжалланаётган ташаббусларни Россия томони қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Ўзбекистон-Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.
Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари орасида иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, трикотаж, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.
Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 85 та фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткич 7,9 фоиз ошган.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Кейинги йилларда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси 6 миллиард доллардан ошган. Ўтган йили бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 40 фоиз ўсган.
Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Россиянинг “Лукойл” ва “Газпром” нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Шу йил 19 апрель куни Бухоро вилоятида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан “Лукойл” компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди.
Ўзбекистон автомобиллари Россияда доим харидоргир. Matiz, Nexia каби машиналаримиз бу ерда бир неча бор йилнинг энг яхши автомобили деб топилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу мамлакатда янги бренд остидаги Ravon Gentra савдоси 7 фоиз ўсган.