Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан табрик мактуби йўллади.
Россия Президентининг қутловида бундай дейилади: "Ўтган йилларда Россия – Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Кенг қамровли сиёсий мулоқотлар, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда".
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутловида "Ўтган тарихий даврда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги серқирра ва кўп томонлама муносабатлар ривожида салмоқли натижаларга эришилган"и мамнуният билан таъкидланган.
Президентимиз "Москвада бўлиб ўтадиган учрашувимиз Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга хизмат қилади", деб ишонч билдирган.