“Реал” ЕЧЛ ярим финалининг дастлабки баҳсида “Бавария” устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Гап шундаки, “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоаси таркибида 3 февраль кунидан бери ўтган ўйинларда илк марта майдонни голсиз тарк этди.
Шундай қилиб, Роналдунинг 12 ўйинлик самарали ўйинлар серияси ва чемпионлар лигасидаги 11 ўйинлик голли серияси якунланди.
Бундан ташқари, Роналду 2017 йилнинг февраль ойидан бери чемпионлар лигасидаги ўйинларда рақиблари дарвозасига илк марта тўғри зарба йўллай олмади. Роналду бунгача кетма-кет 16 ўйинда “Реал” рақиблари дарвозабонларига хавфт туғдириб келаётганди.
Шунингдек, Криштиану Роналду Чемпионлар “Бавария”га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. Бу эса португалиялик футболчи учун мусобақа тарихидаги 151-ўйин бўлди.
Натижада Роналду бу кўрсаткич бўйича “Барселона” собиқ яримҳимоячиси Хави билан тенглашди ва у билан бирга 2-ўринда бормоқда. Чемпионлар Лигасида энг кўп ўйинни “Реал” собиқ дарвозабони Икер Касильяс ўтказган – 167 та.
Роналду яна бир кўрсаткичда чемпионлар лигаси рекордчисига айланди. Жумладан, “Бавария”га қарши ўйиндаги ғалаба Криштиану учун мусобақадаги 96-ғалаба сифатида қайд этилди. Португалиялик футболчи бу борада собиқ жамоадоши Икер Касильяс (95) ни ортда қолдириб, ЕЧЛда мутлоқ рекордчига айланди.