Штефан Ханце автоҳалокатга учраб, Рио-де-Жанейро шаҳридаги шифохоналардан бирида жон берди.
“Биз чуқур ғамга ботдик. Охиратинг обод бўлсин, Штефан, сен бизнинг қалбимизда мангу қоласан”, дейилади ижтимоий тармоқда.
“Time” нашрининг хабар беришича, кеча, 15 август куни 35 ёшли германиялик мураббий ўтирган такси билан йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, натижада Хенце бошидан оғир жароҳат олди. У дарҳол шифохонага етказилган, аммо орадан бироз вақт ўтиб ҳаётдан кўз юмди.
“Халқаро олимпия қўмитаси ҳақиқий олимпиадачини йўқотганидан кўз ёш тўкмоқда. Штефан Хенценинг оиласи, дўстлари ва бутун Германия терма жамоасига ҳамдардлик билдирамиз”, дейди ХОҚ президенти Томас Бах.
Маълумотларга қараганда, Германия терма жамоаси Олимпиада шаҳарчасида марҳумни сўнгги йўлга кузатиш маросими бўлиб ўтади. Риодаги барча спорт иншоотларида Германия байроқлари тушириб қўйилади.
Штефан Хенце 2004 йилги Афина Олимпиадасида слалом эшкак эшиш мусобақаларида кумуш медалга сазовор бўлган эди.