Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича рейтингда Испания, Греция, Грузия ва Португалиядан олдинда бормоқда.
Олимпиада ўйинларининг дастлабки кунларида икки нафар дзюдочимиз бронза медалларига сазовор бўлишди. 60 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида Диёрбек Ўрозбоев ва 66 килограмм вазн тоифасидаги мусобақада Ришод Собиров бронза медалларига эга чиқдилар.
Шу тариқа, Ришод Собиров олимпия ўйинларининг уч карра бронза медал соҳибига айланди. У бунгача 2008 йил Пекин, 2012 йил эса Лондонда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида 60 кг вазн тоифасида бронза медалларига сазовор бўлган эди.
Бугун, 9 август куни 15та спорт турида медаллар ўз эгаларини топади. Шулардан иккитасида иштирок этадиган спортчиларимиз бугун бизга медал тақдим этишлари мумкин. Улар – дзюдочимиз Шаҳзодбек Собиров ва оғир атлетикачи Достон Ёқубов. Шаҳзодбек фижилик рақиби Наулу Хосатекига қарши чиқиш қилади.
Шу кунгача Рио Олимпиадасида медалларни ютиш бўйича Ўзбекистон 33-ўринда турибди. Рейтингнинг кейинги ўринларида Испания, Грузия, Греция ва Португалия (уларнинг барчаси 34-ўринда) давлатларини кўришимиз мумкин. Медаллар жамғариш бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. Мазкур давлат спортчилари 5та олтин, 7та кумуш ва 7та бронза медалини қўлга киритишган.