

Ўзбекистон медаллар сони бўйича 43-ўринга тушиб қолди. Ҳозирча иккита бронза бор.
Кеча олти нафар спортчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Улардан дзюдочи Шерали Жўраев дастлабки баҳсда жазоирлик спортчидан устун келди, кейинги босқичда швециялик Маркус Нейманга қарши жанг қилди ва имкониятни бой берди. Дзюдо бўйича аёллар ўртасидаги баҳсда спортчи Гулноза Матниёзова польшалик Клайс Катарзинага қарши татамига чиқди ва у ҳам мағлубиятга учради.
Боксчилар Рустам Тўлаганов, Ҳасанбой Дўстматов ва Фазлиддин Ғоибназаровлар эса ўз рақиблари устидан зафар қучиб кейинги босқичга чиқишди.
Академик эшкак эшувчи спортчи Шаҳбоз Холмурзаевнинг чиқиши кучли шамол туфайли қолдирилди.
Олимпиадада медаллар сони бўйича Ўзбекистон 43-ўринни қайд этди. Бизда иккита бронза бор. Рўйхатнинг биринчи ўрнида АҚШ турибди. Мазкур мамлакат спортчилари 32та медал жамғаришган. Ундан кейинги ўринларни Хитой, Япония, Австралия ва Венгрия эгаллаб турибди.
Бугун, 11 август куни Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун уч нафар спортчи рингга ва татамига чиқишади.
Сойиб Қурбонов - (Дзюдо, -100 кг) – соат 18:00да
Шаҳрам Ғиёсов - (Бокс, -69 кг, нимчорак финал) – соат 21:00да
Элшод Расулов - (Бокс, -81 кг, нимчорак финал) – соат 21:30да
Бундан ташқари, академик эшкак эшиш баҳсларида Шаҳбоз Холмурзаевнинг кеча қолдирилган иштироки ҳам бугун бўлиб ўтиши мумкин.