“Бизнинг фильмлар қачон Голливуд фильмлари даржасига чиқар экан?”, деган саволларига дуч келамиз. Бундай мурожаатлар режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовни ҳам безовта қилган кўринади.
Кўпинча томошабинларнинг “Бизнинг фильмлар қачон Голливуд фильмлари даржасига чиқар экан?”, деган саволларига дуч келамиз. Бундай мурожаатлар режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовни ҳам безовта қилган кўринади. Режиссёр ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали ўзбек киноси ҳеч қачон Голливудники каби бўлмаслигини айтди.
“Хаёлим паришон юрадиган одатим борлиги туфайли, машина ҳайдай олмайман. Мен учун энг қулайи – таксида юриш. Фақат хайдовчи таниб қолса, асаблар таранглашиши аниқ. “Сизни қаердадир кўрганман-да”, деб гап бошлайди, таниб турган бўлса ҳам. Бир амаллаб эслаган бўладида, узр ҳам сўрайди. — Узр, мен ўзбек киноларини кўрмайман-да!
Ўзи киноларимизнинг ашаддий мухлислари ҳам режисёрни танишмайди. Қизиқ, ўзбек киноларини кўрмайдиган бу такси хайдовчиси режисёрни танир экан! Манзилга этиб боргунча тинмай кинолар хақида, ҳар бир саҳнасию, қаҳрамонларнинг гап-сўзларигача ёддан гапириб кетди. Бу такси хайдовчиси ўзбек киноларини шунчалик кўп биларканки, ҳатто, мен ҳам у айтган киноларнинг ярмидан кўпини кўрмаганман.
Қайсидир актёрнинг исмини эслолмагандай мени саволга тутди. — Ҳалиги гапиртирадиган чой бор-ку, ўшанда ўйнаган... — Матёқуб Матчонов, - дедим кимни сўраётганини тушуниб. — Ҳа, ўша! Узр энди, мен ўзбек киноларини кўрмайман-да, деб қўшимча қилди. Кулгидан аранг ўзимни ушладим. — Хақиқатан ҳам умуман кўрмаганакансиз, дедим. — Айтингчи, ўзбек киноси қачон Голливуд фильмларидек бўлади, деди ҳайдовчи азбаройи қизишиб. — Ҳеч қачон, дедим мен ҳам кескин оҳангда. Зўравонликни, ўғриликни, қурол ишлатишни ўргатмайди ўзбек киноси! Бизнинг фильмлардаги бош қаҳрамонлар хеч қачон банкни ёки музейни ўмаришмайди, сониясига минглаб одамларни отиб-портлатиб юборишмайди ҳам! Бизнинг фильмларимиз, ҳа ўша савияси пастлари ҳам, эзгуликка чорлайди. Тўғри, биз Голливуддан техника томондан 50 йил орқададирмиз, лекин улар маънавий томондан бизнинг фильмларимиздан 200 йил орқада!
Энди тўхтатинг машинани, мен шу ерда тушаман, дедим асабийлашиб. Машина тўхтади. Пул бериб машинадан тушарканман, охирги гапимни ҳам айтдим. — Сиз ўзбек киноларини кўрмасангиз ҳам, мен ўзбек таксиларида юраман, деб ёзади Жаҳонгир Аҳмедов инстаграмдаги шахсий саҳифасига.
Юқоридаги суҳбатдан воқиф бўлган такси ҳайдовчилари энди режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовга ўзбек кинолари ҳақида ўйлаб савол беришса, ажаб эмас.