Азим Аҳмедхўжаев Собиқ иттифоқ даврида Марказқўмнинг мафкуравий котибаси Раъно Абдуллаеванинг набираси саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги лойиҳани тизимли ва самарали амалга ошириш учун масъул этиб белгиланганди.
Ушбу қарор ва Аҳмедхўжаевнинг кўп йиллар хорижда яшагани, халқаро ҳамкорликлар борасида тажрибаси инобатга олиниб, у вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Азим Аҳмедхўжаев 1979 йил Тошкентда туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат ахборот технологиялари университетини битирган.
2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган эди. Орадан олти ой ўтиб, август ойида лавозимидан озод этилди.
Президент соҳани ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишида Аҳмедхўжаевнинг вазир лавозимидан олинишига қуйидагича изоҳ берганди.
“Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожи барча соҳаларнинг жадал тараққиётига хизмат қилади, одамларга қулайлик яратади. Йил бошида ушбу муҳим соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган кўплаб вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмади. Тармоққа инвестиция жалб этиш, хизматлар ва тайёр дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш аҳволи бизни умуман қониқтирмайди. Шунинг учун вазирликнинг раҳбариятини ўзгартиришга мажбур бўлдик”.
Маълумот ўрнида, Азим Аҳмедхўжаев Собиқ иттифоқ даврида Марказқўмнинг мафкуравий котибаси Раъно Абдуллаеванинг набираси саналади.