Олимлар Рамазон ҳайитини 15 июнь куни нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия қилишга қарор қилдилар.
Бугун, 10 июнь куни Марказий Осиё мамлакатлари диний идоралари фатво бўлими раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийлари, исломшунос ва диншунос олимлар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олимлари бир даврага тўпланиб, Рамазон ҳайити кунини белгилаш бўйича қарор қабул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасидаги манбанинг “Qalampir.uz”га маълум қилишича, йиғилишда астроном олимларнинг ой тўлиши билан боғлиқ хулосалари ўрганиб чиқилиб, бу муддат 29 кунни ташкил этаётгани тасдиқланган.
Шуларни инобатга олган ҳолда Рамазон ойи Ҳайити Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида 15 июнь куни ўтказилиши юзасидан иттифоқо келишиб олдилар.
Олимлар Рамазон ҳайитини 15 июнь куни нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия қилишга қарор қилдилар. Айни дамда давлат раҳбари томонидан қарор имзоланиши ва Ҳайит 15 июнь, жума куни нишонланиши кутилмоқда.
Нуримон Абулҳасан “Qalampir.uz” билан суҳбатда ой тўлиши билан боғлиқ бундай ҳолатларда Рамазон ойи 29 кун давом этиши, Ҳайит ой тўлишига қараб белгиланганда Рамазон ойи бир кунга фарқланиши ҳадисларда ҳам келтирилганини айтади.