Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти қабрини зиёрат қилиш билан расмий ташрифни бошлаган Ражаб Тойиб Эрдўған 4 декабрь куни ўтказиладиган сайлов хусусида тўхталиб ўтди.
“Ўша вақтда мен Хитойда иш бошлаган G20 саммитида эдим ва шу сабаб дафн маросимига кела олмадим. Дафн маросимида мамлакатимиз номидан Бош вазир ёрдамчиси Туғрул Туркеш иштирок этди. Бугун мен марҳум Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдим. Яна бир карра Ислом Каримовни Аллоҳ раҳматига олишини сўрайман ва ўзбек халқига ўз таъзиямни билдириб қоламан”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Ўзбекистоннинг миллий тарихи ва анъаналарини эътироф этган Туркия раҳбари Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан янада юксалишига ишонч билдирди.
У сўзида давом этар экан, жорий йилнинг 4 декабр куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга омад тилаб, унинг номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.