Сўмнинг девальвациясидан сўнг Қозоғистонга Ўзбекистондан арзон маҳсулотлар келтирилишига умид қилиб бўлмайди, деган фикр илгари сурилмоқда.
Оила даврасида дейсизми, ишхонада, кўча-кўйда шунчаки одамларнинг суҳбатига қулоқ солсангиз, албатта, АҚШ долларининг сўмга нисбатан янги қиймати муҳокама қилинаётган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь санасида “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзолади.
Мазкур ҳужжатга кўра, 5 сентябрдан юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 5 сентябрдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини эълон қилди.
Бу сафарги кўрсаткичлар аввалги қийматлардан анча фарқ қилди. Ҳозирда 1 АҚШ доллари 8100 сўмни, 1 евро 9645,48 сўмни ташкил қилмоқда. Хорижий валюталарнинг қиймати деярли икки карра ошганлигини кўриш мумкин.
Бу масала Ўзбекистон аҳлини ҳақиқий маънода шошириб қўйганлиги сир эмас. 5 сентябрь куни бозорда айрим товарларга қўйилган нарх-наволар ҳам бироз оширилганлигини гувоҳи бўлдик.
Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматининг кескин ошиши хориж давлатларида ҳам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Қозоғистоннинг “Nur.kz” сайтида сўмнинг девальвацияси тангага қандай таъсир ўтказиши борасида мақола чоп этилди.
“Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қиймати деярли 2 баробарга ошди. Қозоғистон экспертлари бу ҳолатнинг тангага таъсирини ўрганиб чиқишди. 1 доллар ҳозирда 8000 сўм атрофида. Президент фармонига кўра, Ўзбекистон аҳли ва меҳмонлар ҳам эркин равишда валюталарни сотиши ёки сотиб олиши мумкин.
Авваллари буни қонунийлаштириш деярли имконсиз эди. Валюта “қора бозор”да айирбошланар эди. Сўмнинг девальвациясидан сўнг Қозоғистонга Ўзбекистондан арзон маҳсулотлар келтирилишига умид қилиб бўлмайди. У ерда дам олиш арзонга тушишига ҳам умид қилмаса бўлади. Мамлакатда валютанинг расмий курси ўзгарди, аммо реал қиймати ўзгармади. Сайёҳлар ва тадбиркорлар сотиб олган нарх ўшалигича қолди.
Ўзбекистонда олди-сотди операциялари миллий валютада амалга оширилади. Ўзбекистонга саёҳатга борганимизда, “қора бозор”дан миллий валюта сотиб олишга мажбур бўлардик. Масалан, у ерда меҳмонхоналарда чет эллардаги каби валюта айирбошлаш пунктлари йўқ, шу сабаб валютани “қора бозор”дан сотиб олишга тўғри келарди”, дейди жамоат муаммоларини таҳлил қилиш Маркази директори Меруерт Маҳмутов.
Аслини олганда, Ўзбекистон ҳозирда ниҳоят долларнинг миллий валютадаги ҳақиқий қийматини тан олди. Молиявий экспертлар бунинг орқасидан танганинг қиймати тушиб кетишидан ҳавотир олмасликни таъкидлашмоқда.
“Сўмнинг девальвацияси танга курсига деярли таъсир кўрсатмайди. Қозоғистон миллий валютаси бироз бошқа кўрсаткичлар бўйича белгиланади, яъни рубль билан мутаносиблик ва жаҳон бозорида нефтнинг баҳоси каби омиллар инобатга олинади.
Ўзбекистон эса бу борада энг йирик ҳамкорлардан эмас, шу сабаб ҳам ўзбек сўмининг девальвацияси тўғридан-тўғри танга курсига таъсир этмайди”, дейди Қозоғистон Республикаси биринчи президентининг жамғармаси қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти эксперти.
“Хориж валютасига нисбатан сўмнинг янги қиймати ўзбек экспортчилари учун фойдага хизмат қилади”, дейилади мақолада.