...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қозоғистонлик бастакор Еркеш Шакеевнинг ўғли йўқолиб қолди


11:23, 18.07.2016 Олам
 4 067

Сафар Шакеев тасдиқланмаган маълумотларга кўра, одамлардан ҳоли, ташландиқ жойда ётган бўлиши мумкин.

16 июль куни Қозоғистонлик машҳур бастакор Еркеш Шакеевнинг 25 ёшли ўғли Сафар Шакеев номаълум сабабларга кўра ғойиб бўлди, деб ёзади “Nur.kz” нашри.
 
Ўғлининг йўқолгани ҳақида дастлаб бастакорнинг ўзи Facebook’даги саҳифасида хабар берган.
 
“Дўстлар, менинг ўғлим Сафар Шакеев йўқолиб қолди. Қуйида унинг суратини илова қилдим. У 16 июль куни соат 07:00 да йўқолган. Охирги марта уни Сайфуллин бўйлаб юқорига Ал-Фароби томонда кетаётганини кўришган. Ўғлим Ремизовка туманига кетаётган бўлган. Бўйи 187 сантиметр. Пушти футболка ва кўк жинси кийган бўлган. Уни кўрган ва у ҳақида бирор маълумотга эга бўлганларни шахсий саҳифамда хабар ёки изоҳ қолдиришларини сўраймиз. Илтимос, бу хабарни максимал даражада бошқаларга тарқатинг”.
 
Ўғлининг сурати остига ушбу хабарни қолдирган бастакор мурожаат учун телефон рақамларини ҳам ёзиб қолдирган.
 
Икки кундан бери давом этаётган қидирув ишлари ҳозирча ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Бу ҳақда Олма-ота жамоатчилик кенгаши аъзоси Бекнур Кисиков ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қолдирган.
 
“Кун давомида қидирув ишлари олиб борилди. Ҳозирча бирор натижа йўқ. Сафар Шакеевнинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 000 000 танга миқдоридаги мукофот пули эълон қилинган”, дейди Кисиков.
 
Бугун, 18 июль куни соат 07:00да ал-Фаробий проспекти, Жамакаев кўчасига муюлишдаги Сейфуллин-Алдаркўса майдонида кўнгилилар йиғилишган.
 
“Қидирув ишлари учун кўнгиллилар керак. P.S. Бу йигитни шахсан танийман. Ишонувчан ва меҳрибон, одобли йигит. У топилади деб умид қиламан”, дея ўз сўзларини якунлади Кисиков.
 
Сафарни топиш ишларига Еркеш Шакеевнинг дўсти, собиқ вазир Зейнулла Какимжанов ҳам қўшилган. У ҳам Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали қўйидагиларни ёзиб қолдирган:
 
“Еркеш билан хабар қиламиз дўстлар! Биз ал-Фаробий, Сейфуллин ҳудудларини Ремизовкагача излашни бошлаяпмиз. Баъзи маълумотларга кўра, Сафар қаердадир одамлардан ҳоли, ташландиқ жойда ётган бўлиши мумкин. Бу хабарни кўрганлардан илтимос, ана шундай жойларни изланглар. Ҳар бир бурчакни излаймиз. Бирор маълумотга эга бўлсангиз менинг ва Еркешнинг рақамига қўнғироқ қилинг. Бу тарзда хабар бераётганим учун кечиринг, ҳозир бундан бошқа чора йўқ”.
 
Айни дамда полиция Сафарнинг ҳаёт тарзини ўрганмоқда. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда у билан яқин муносабатда бўлганлар текширилмоқда.
 
Маълумот учун, Еркеш Шакеев 1962 йилнинг 5 майида Рузаевка қишлоғида дунёга келган. Оилали. 1990 йили  Жибек Дусановна Шакеева билан турмуш қурган. Уларнинг тўрт нафар фарзанди бор. Сафар оиладаги тўнғич фарзанд. Унинг яна битта синглиси, икки укаси бор. Айтиш лозимки, қозоғистонлик бастакорнинг кўплаб қўшиқлари қозоғистон ва россиялик машхур хонандалар томонидан куйланган.
Умида Якубова

Теглар:Олма-Ота Еркеш Шакеев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!