...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 15-16 июль воқеалари ҳақида расмий баёнот берди


11:12, 18.07.2016 Олам
 5 347

15-16 июль кунлари Туркиянинг бир қатор шаҳарларида ҳарбийлар томонидан кўтарилган исёнда 190дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди ва 1400дан ортиқ одам жароҳатланди.

Аввал хабар берганимиздек, 15 июль куни Туркияда ҳарбийлар иштирокида давлат тўнтариши амалга оширишга бўлган ҳаракатлар бошланди. 16 июлга ўтар кечаси туни билан давом этган исён кун ярмига келиб бостирилди. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур воқеалар юзасидан расмий баёнот берди.
 
“15 июль куни кечқурун Туркия қуролли кучларининг бир гуруҳи мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида, жумладан, Анқара ва Истанбулда давлатга қарши исён кўтарди.
 
Қисқа муддатли давлат тўнтаришидан шу нарса аён бўлдики, бу воқеа террористик кампания эди. Жиноятчилар ўз ватандошларига қарата ўқ узишди,  қўмондонларининг орқасига пичоқ суқишди ва Миллий парламент ва президент саройига бомба ташладилар.


 
Исённинг бошидан Туркия қуролли кучларининг асосий қисми ва бир қатор қўмондонлар давлат тўнтаришига қарши туришди. Ҳаво кучлари, жандармерия ва танк бўлинмаларининг бир қисмигина зўравонлик ҳаркатини амалга оширди. Полиция ва прокурорлар зудлик билан исённи бостириш учун керакли чора-тадбирларни кўрди.
 
Энг асосийси, халқ исённи бостирган муҳим куч бўлиб хизмат қилди. Улар тарихий бирдамлик кўрсатиб, кўчаларга чиқдилар ва намойиш ўтказдилар. Одамлар танклар қаршисида мардонавор туришди ва демократик ҳуқуқларини талаб қилишди.

Террористлар давлат телеканалларини (TRT)ни эгаллаб, ўз хабарларини етказишга уринишди ва хусусий оммавий ахборот воситаларига бостириб киришди. Исёнчиларнинг ОАВ устидан назорати узоққа чўзилмади. Шу нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Туркия ОАВлари давлат тўнтаришини бостиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.
 
Ўтган вақт мобайнида мамлакатдаги барча сиёсий партиялар, Туркия Буюк миллат мажлиси аъзолари ва халқ демократия, демократик институтлар ва Конституция ҳимояси учун маҳкам туришди. 16 июлда Бош ассамблеянинг навбатдан ташқари мажлисида демократия ҳимояси учун Қўшма декларация эълон қилинди.
 
Террорчилар гуруҳига қарши ўтказилган операциялар давомида 6000дан ортиқ одам қўлга олинди ва 100 нафар исёнчи ўлдирилди. Операциялар давом этмоқда.


 
Бахтга қарши,  190дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди ва 1400дан ортиқ одам жароҳатланди.
 
Исёнда қатнашган саккиз киши ўғирланган вертолётда Грецияга қочиб кетган. Уларни ва вертолётларни қайтариш учун керакли чоралар кўрилмоқда.


 
Давлат тўнтаришига ҳаракат Фатҳулла Гулен террорчи ташкилоти (FETO) томонидан амалга оширилди. Бизнинг Туркия ҳукумати доимий равишда ушбу террорчи гуруҳ ва унинг етакчиси Фатҳулла Гуленнинг қилмишларини барча иттифоқчилар ва ҳамкорларга фош этиб келмоқда. Амалга ошмаган тўнтариш FETO томонидан қилинган сўнгги жиноий иш ҳисобланади.
 
Президент, бош вазир, ҳукумат, Буюк миллат мажлиси аъзолари ва халқимиз биргаликда исён устидан ғалаба қозонишди, демократия ва қонун устуворлиги учун маҳкам туришди”, дейилади Туркия элчихонасининг баёнотида.
 
Хабар сўнггида, террорчилар қонунга мувофиқ жазоланиши маълум қилинган.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Туркия Истанбул Анқара Давлат тўнтариши Исён Туркия элчихонаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!