1992 йил 26 февраль Озарбайжоннинг Хўжали шаҳрида тинч аҳоли арман ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган.
7 минг аҳолига эга бўлган Хўжали шаҳрида Арманистон ҳарбийлари томонидан тинч аҳоли қирғин қилинган. Бу Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бўлиб ўтган Қорабоғ уруши пайтидаги энг шафқатсиз қон тўкилиши ҳисобланади.
Озарбайжон ҳукуматининг маълумотларига кўра, Хўжали геноциди даврида 613 киши ўлдирилган, турли ёшдаги 1000 нафар тинч аҳоли вакиллари ўқдан яраланиб ногирон бўлиб қолган. Ўлдирилганлар орасида 106 нафар аёллар, 63 нафар кичик ёшдаги болалар ва 70 нафар кекса ёшдаги одамлар бўлган. Мазкур фожиа содир бўлган кечада 1275 нафар тинч аҳоли асирга олинган, улардан 150 кишининг тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч қандай маълумот йўқ.
Бошқа манбаларда айтилишича, 1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон ҳарбийлари томонидан шаҳарга ҳужум уюштирилиб, тинч аҳоли ўққа тутилади ва бунинг натижасида 161 нафар этник озарбайжонлик ҳалок бўлади.
Бундай шафқатсиз фожианинг сабаби Озарбайжон ва Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ вилояти устидан ким назорат ўрнатиши муаммоси туфайли келиб чиққан урушдир.
Қуйида мазкур можаронинг тарихига назар ташлаймиз.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ учун бир неча бор қуролли низолар келиб чиққан. Мазкур вилоят Кавказорти минтақасида, Арманистоннинг шарқий қисмида жойлашган. Аҳолининг асосий қисмини этник арманлар ташкил этувчи Тоғли Қорабоғ учун дастлабки урушлар ХХ асрнинг бошларига тўғри келади. 1905-1907 ва 1918-1920 йилларда икки марта арманлар ва озарбайжонликлар ўртасида бу ҳудуд учун қонли тўқнашувлар бўлиб ўтади.
1921 йилда Коммунистик партиянинг Кавказ бюроси Тоғли Қорабоғнинг келгуси тақдири ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра вилоятга автоном мақоми берилиб, Озарбайжон ССР таркибида қолдирилади. Вилоят расман 1937 йилдан бери Тоғли Қорабоғ автоном вилояти(ТҚАВ) деб атаб келинади.
1930 йиллар охирида Озарбайжон ССР ҳудудида маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар натижасида Арманистон ва ТҚАВни ажратиб турувчи Лочин коридори тузилади.
Собиқ Иттифоқ даврида бир неча бор арман ҳукумати Тоғли Қорабоғни Арманистонга бериш ҳақидаги масалани кўтариб чиққан, лекин марказ буни рад этган. 1960 йилларда ТҚАВдаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан кескин вазият оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган.
ХХ асрнинг 80-йилларига келиб Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаролар яна фаоллашди. Арманистон ССРда оммавий намойишлар ўтказилиб, арманлар ТҚАВни Арманистонга берлишини талаб қилиб чиқдилар. 1988 йилнинг 20 февралида ТҚАВ халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессияси Арманистон ССР, Озарбайжон ССР ва СССР Юқори Кенгашига мурожаат этиб, вилоятни Озарбайжон таркибидан чиқариб Арманистонга бериш сўрови билан мурожаат қилдилар. Ана шу воқеадан сўнг қуролли тўқнашувлар авжига чиқди. Ўзининг сўнгги кунларини яшаётган собиқ Иттифоқни нима қилиб бўлмасин сақлаб қолиш учун унинг манфур раҳбарлари миллий-этник можароларни авж олдиришга ҳаракат қилдилар. Тоғли Қорабоғ учун бўлган қонли урушнинг сабабчиларидан бири ҳам коммунистик тузум раҳбарлари эди.
Хўжалига уюштирилган ҳужумда Совет армиясининг 366-мотоўқчи полки иштирок этган. Мазкур полк 1985 йилда Степанакерт (ТҚАВнинг маъмурий маркази) ҳудудига жойлаштирилган. Бу ҳам юқоридаги фикримизга исбот бўлади. Қирғинбарот урушлар ҳеч қачон инсониятга яхшилик олиб келмаган. Урушлар оқибатида миллионлаб тинч аҳолининг қурбон бўлгани ва азият чекканига тарих гувоҳ.
Ҳар қандай давлат, авваламбор, ўз халқининг тинчлиги ва фаворовонлигини кўзлаган ҳолда сиёсат олиб борса, бу давлатга ҳеч қачон уруш соя солмайди ва Хўжали фожиасига ўхшаган воқеалар ҳам такрорланмайди. Тинчликдек бебаҳо неъматни асраб-авайлаш кўп жиҳатдан халқнинг ўзига, огоҳлиги, яратилаётган шароитлардан тўғри фойдаланиб, ўз фуқаролик позициясини тўғри англашига, жамиятда бўлаётган воқеа ҳодисаларга дахлдор бўлиб яшаши ва керак пайти юртга қалқон бўлишига боғлиқ. Хўжалида рўй берган воқеалар, қирғитбаротлар бир вақтлар Совет зулмини кўрган ўзбеклар учун ҳам нотаниш ҳолат эмас. Энг муҳими биз бу кунларни муносиб босиб ўтдик. Ҳар бир фуқаро ортига қарар экан, бугунги дорилламон кунларнинг қадрига етиши, унга шукур қилиши, ўз ҳиссасини қўшишга интилиши шубҳасиз.