Журналистик текширув ва танқидий видеоларини YouTube саҳифасида эълон қилиб борган Меҳмон Ҳусейнов 2017 йилда икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.
Айни вақт ОАВ ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларнинг эътибори Озарбайжонга қаратилган. Боиси 2017 йилгача мамлакатда блогерлик фаолиятини олиб борган Меҳмон Ҳусейнов атрофидаги машмашалар 2018 йилнинг декабрь ойи охирларида қизғин тус олди.
Журналистик текширув ва танқидий видеоларини YouTube саҳифасида эълон қилиб борган Меҳмон Ҳусейнов 2017 йилда икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.
Меҳмон Ҳусейновнинг YouTube’даги репортажлари минглаб фойдаланувчилар томонидан кўрилган бўлиб, у журналистик суриштирувларида таниқли шахслар, депутатлар, вазирлар, турли лавозимлардаги амалдорларнинг коррупцион фаолиятлари, қимматбаҳо уйларини танқид қилган. Озарбайжон Миллат мажлиси депутати Хади Ражабли, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Салим Муслимов, Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролик мудофааси вазири Камолиддин Хайдаров, Транспорт йўли вазири Зиё Мемедовга оид уйлар ва ширкатлардан тайёрланган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлади. Вазирлар ва амалдорлар яшаётган уйлар, уларга тегишли бўлган бизнеслар ҳақида сўз юритаркан, блогер бу саройлар халқнинг пули эвазига бунёд бўлгани, пуллар давлат бюджетидан ўмарилганини айтади.
Мазкур журналистик суриштирувлардан кейин блогер Меҳмон Ҳусейнов 2017 йилнинг январь ойида Баку марказида қўлга олиниб, бошига қоп кийдирилганча олиб кетилади. Бу ҳақда гапираркан, Ҳусейнов шундай деган эди:
“Мени бошимга пакет кийдириб олиб кетишди. Бир неча соат зулматда қолдим. Калтаклашди, орадан бироз вақт ўтиб бурним қонаётганини пайқадим, нафас ололмай қолдим, мени ҳақоратлашди ҳам”.
Судда маълум қилинишича, Меҳмон Ҳусейнов полиция томонидан қўлга олинган. У полициянинг сўровига қаршилик қилгани учун қўлга олингани айтилган ва у 200 манат (120 АҚШ доллари) миқдорида жаримга тортилган. Бунга жавобан Меҳмон Ҳусейнов жаримани чақалар орқали тўлашга қарор қилди ва интернетдаги кузатувчилари ёрдамида акция ташкил этди. Одамлар акцияда қатнашиб, чақаларини Ҳусейновнинг жаримасини тўлаш учун тўпладилар.
Меҳмон Ҳусейнов бўлиб ўтган воқеалардан кейин тинчигани йўқ. Ҳаммаси унинг 2017 йил февраль ойидаги репортажидан кейин бошланди.
Ўша вақтларда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиевани вице-президент этиб тайинлаган эди. Меҳмон Ҳусейнов мазкур тайинловдан кейин Баку кўчаларидан ижтимоий сўровнома ўтказди. Унда оддий одамларга “Сиз бирор корхона ёки ташкилотнинг раҳбари бўлсангиз, рафиқангизни ўзингизга ўринбосар қилармидингиз?” деган савол билан мурожаат қилган. Бунда у Президент Илҳом Алиев ва вице-президенти Меҳрибон Алиевани нишонга олган эди. Ижтимоий сўровномада иштирок этганларнинг кўпчилиги “йўқ, эр-хотин бир ишхонада ишлолмайди ва мен раҳбар бўлсам рафиқам уйда бўлиши, фарзандларим тарбияси билан шуғулланиши керак” қабилида жавоб берган. Сўровнома нишони кимга қаратилганини пайқаганлар эса сўровномада қатнашишдан бош тортган.
Мазкур видео YouTube’да 2017 йилнинг 27 февраль куни эълон қилинди ва уни бугунгача 125 минг киши томоша қилган.
Кўп ўтмай, 2017 йилнинг март ойида Меҳмон Ҳусейновга янги айблов қўйилди. У январь ойида ҳибсга олинган вақтда полиция ходимини ҳақорат қилгани хотирланиб, блогерга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Меҳмон Ҳусейнов икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. У 2019 йилнинг баҳорида озод қилиниши керак эди, аммо...
2018 йилнинг 26 декабрь куни ҳибсдаги Меҳмон Ҳусейновга нисбатан янги жиноий жавобгарлик эълон қилинди. Унда айтилишича, блогер колония ходими Али Абдаловни дўппослаган. Бу эса унинг яна камида 5 йил, кўпи билан 7 йил озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзига қўйилаётган янги айбловга нисбатан Меҳмон Ҳусейнов 5 кунлик очлик эълон қилди. 30 декабрга қадар туз тотмаган Ҳусейновнинг саломатлиги оғирлашган. Шундан сўнг у сув ичишгагина рози бўлган.
Жорий йилнинг 7 январь куни Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Меҳмон Ҳусейнов билан учрашади. Унинг маълум қилишича, Меҳмон Ҳусейнов ўз қароридан воз кечган ва очлик акциясини тўхтатган. “У шифокорларнинг доимий назоратида ва ҳозирги вақтда аҳволи қониқарли”, дейди омбудсман.
Бироқ, 7 январь куни Меҳмон Ҳусейнов билан учрашган адвокат унинг фикридан қайтмаганини, ҳамон очлик эълон қилишда давом этаётганини айтади. Шу куни ўғли билан учрашган Рафиқ Ҳусейнов ҳам адвокатнинг сўзларини тасдиқлайди.
Меҳмон ва Озарбайжон амалдорлари ўртасидаги қарама-қаршилик блогернинг ҳаётига хавф туғдирмоқда. Блогернинг ҳибсда қолишидан Меҳмон Ҳусейнов ўз видеоларида номларини тилга олган амалдорлар манфаатдор эканини айтилмоқда.
АҚШ сенаторлари, хусусан Марко Рубио, Европа Кенгаши парламент ассамблеяси раиси Рожер Гейл Озарбайжон Ҳукуматидан Меҳмон Ҳусейновнинг озод қилинишини талаб қилмоқда.
Ҳибсдаги Меҳмон Ҳусейновнинг очлик эълон қилиши маҳаллий аҳолининг ҳам эътиборини тортди. Аҳоли Президентга блогерни озод қилишни сўраб чиқди.