...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Президент ва унинг рафиқасини мазаҳ қилган блогерни озод қилишни сўраб намойиш ўтказилди


15:29, 16.01.2019 Олам
 5 910

Хотин-қизлар Баку кўчалари бўйлаб намойиш ўтказишда давом этаркан, “сиёсий маҳбусларга озодлик” деб бақирадилар.

Аввалроқ, Озарбайжондаги кўплаб амалдорлар – вазирлар, депутатларни коррупцияда айблаб, улар тасарруфидаги ширкатлар, корхона ва ташкилотлар, банклардаги ҳисоб рақамлар, қолаверса, қимматбаҳо уйларни фош қилишга уринган ва буларнинг барчаси давлат бюджетидан оғирланганини иддао қилиб чиққан ёш блогер Меҳмон Ҳусейнов 2017 йилнинг март ойидан буён ҳибсда сақланаётгани, 2018 йилнинг 26 декабрь куни унга янги айблов қўйилгани, бундан хабар топган Меҳмон Ҳусейнов очлик эълон қилгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик.
 
Меҳмон Ҳусейновнинг ҳибсланишига унинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг ўз рафиқаси Меҳрибон Алиевани мамлакат вице-президенти этиб тайинлашини кулгига олиши ҳам сабаб бўлган. Албатта, бу ҳибсланишга доир расмий ҳужжатларда кўрсатилмаган.
 
Меҳмон Ҳусейнов очлик эълон қилганидан кейин январь ойи бошида мамлакат пойтахти Баку шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Унда асосий ўрта ва кекса ёшдаги аёллар иштирок этганини кўриш мумкин.
 
Қўлида Меҳмон Ҳусейновнинг суратларини ва “Меҳмон Ҳусейновни озод қилинг” деб ёзилган баннерларни кўтариб олган аёллар шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Президент Илҳом Алиевдан блогерни ҳибсдан озод қилишни талаб қиладилар.
 
“Мамлакатимизнинг ёшларига озодлик сўраймиз. Нега ёшларимизга бу қадар азият беряпсиз. Уларни озод этинг”, дейди намойишларга бошчилик қилаётган аёллардан бири.
 
Хотин-қизлар Баку кўчалари бўйлаб намойиш ўтказишда давом этаркан, “сиёсий маҳбусларга озодлик” деб бақирадилар.
 
Кўп ўтмай намойишчи аёлларга полиция қаршилик кўрсатишни бошлайди. Уларни туртиб, қўлларидан тутиб, мажбуран автомобилларга ўтказади.
 
Аёллардан бири норозилик билан шундай дейди:
 
“Диктатор режимига ланъат бўлсин. Меҳмонга озодлик! Бизга қаршилик кўрсатиб, қўлимиздан ҳамма нарсаларимизни олдилар, ёнимиздаги аёлларни машиналарга солиб, олиб кетдилар. Полиция  шундай бўладими? Бизни қўриқлаш ўрнига, ҳибсга оладилар. Диктатор режимга лаънат бўлсин. Бу ҳокимиятдаги ҳаммадан нафратланаман”.
 
Орадан кўп ўтмай юқоридаги гапларни айтган аёлнинг ўзи ҳам қўлга олиниб, полиция автомобилида олиб кетилади.
 
Озарбайжондаги оммавий ахборот воситалари на блогер Меҳмон Ҳусейнов ва на уни озод этишни сўраб ўтказилган намойишлар ҳақида хабар тарқатди.
 
Эслатиб ўтамиз, Меҳмон Ҳусейнов атрофидаги машмашалар 2017 йилнинг январь ойида бошланган эди. Аввалига блогер Бакунинг марказий кўчаларидан бирида полицияга қаршилик кўрсатгани учун ҳибсланди. Суд унга 200 манат (120 АҚШ доллари) жарима тайинлади. Жаримани тўлаш учун Меҳмон Ҳусейнов акция ташкил этиб, одамлардан тангаларни йиға бошлади.
 
Орадан кўп ўтмай унга полиция билан бўлган келишмовчилик вақтида ҳуқуқ ходимини ҳақоратлаган деган тамға қўйилиб, 2017 йилнинг март ойида икки йил озодликдан маҳрум этилди. 2019 йилнинг март ойида у қамоқдан чиқиши керак эди. Бироқ, 2018 йилнинг 28 декабрь куни Ҳусейновнинг қамоқхона назоратчисини дўппослагани иддао қилинди ва янги айблов қўйилди. Ушбу айблов ортидан у 5 йилдан 7 йилгача ҳибсланиши мумкин. Бунга жавобан Меҳмон Ҳусейнов очлик эълон қилганди. 
 

Теглар:Илоҳм Алиев Меҳмон Ҳусейнов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!