...
МЕНЮ
ONLINE TV

48 минг дона бутилкадан қурилган уй қаерда?


18:06, 26.08.2018 Бу қизиқ
 7 510

Уй яқинда реконструкция қилинди ва у ҳалиям шаҳарликлар ва туристлар учун саёҳат маркази саналади.

Яқинда Озарбайжонга сафар қилдик. Ганжа районида меҳмонхонадан чиқиш олдидан туризм соҳаси бўйича профессионал журналист Эльмира Тухватуллина бу районда шиша бутилкалардан қурилган уй борлигини айтиб қолди. Ишонмадик. Қанақасига бутилкадан уй қуриш мумкин? Режага киритилмаган бўлса-да, ўша манзил томон йўлга чиқдик.
 
Бу уйни шаҳардагилар яхши биларкан. Уй қурилиши 1966 йилда бошланиб, 1967 йилда тугатилган. У шунчаки бино эмас, балки садоқат рамзи сифатида эътибор қозонган.






 
Уйни меъмор Иброҳим Жаъфаров 26 ёшида Иккинчи жаҳон урушига кетган ва қайтмаган укаси Юсуф Жаъфаров хотирасига бағишлаб бунёд этган.
 
Иброҳим укаси Юсуфни уруш тугагач, 21 йил кутади ва у қайтганда ҳайратлансин, дея ноодатий бино қуриш режасини тузади. Қурилишда эса оддий ғиштлардан эмас, балки бутилкалардан фойдаланади.






 
Икки қаватли уйни барпо этиш учун жами 48 минг дона шиша бутилка ва Сочидан келтирилган рангли тошлардан фойдаланилган. Бинонинг орқа тарафига эса бутилкалардан ёрдамида “Ватаннинг номаълум аскарига муҳаббат”, деб ёзилган.
 
Уйнинг томи остига меъмор Иброҳим Жаъфаровнинг сурати илинган. Бинонинг ташқи қисмига эса Ганжа деб ёзиб қўйилган. Уй яқинда реконструкция қилинди ва у ҳалиям шаҳарликлар ва туристлар учун саёҳат маркази саналади.






 
Дарвоқе, бу уй музей ёки бошқа ташкилот идорасига айлантирилмаган. Унда ҳалигача Жаъфаровларнинг авлодлари истиқомат қилади. Аниқроқ қилиб айтсак, Иброҳим Жаъфаровнинг келини мана шу уйда фарзандлари билан яшаб келмоқда. Унинг турмуш ўртоғи ҳам вафот этган. Унга бир неча бор уйни сотиш таклифини билдиришган, катта маблағлар таклиф этишган. Бироқ аёл қайтонасидан қолган нодир меросни сотгани йўқ, аксинча, кўз қорачиғидек асраб келмоқда.
 
Озарбайжонга сафаримиз давомида бундай тарихий ва ҳайратимизни оширувчи масканлар, обидаларда кўп бўлдик. Айримлари ҳақида эшитган афсоналаримиз эса сизга ҳам қизиқ бўлса, ажаб эмас. Булар ҳақида бироздан кейин...
Қамариддин Шайхов 
Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов

Теглар:Озарбайжон Ганжа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!