...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Қиз қалъаси”дан ҳукмдорнинг қизи ўзини ташлагани ростми?


19:53, 24.08.2018 Бу қизиқ
 6 907

Ушбу тарихий ёдгорликдан олган таассуротларимизни сизлар билан ҳам бўлишишни истадик.

Яқинда бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжонга сафаримиз давомида таниқли сиёсатчи, шоира, тиббиёт фанлари доктори, Озарбайжон Миллат Мажлиси депутати Ганира Пашаева билан учрашган эдик. Сиёсатчи бизни Бакунинг юраги бўлган “Ичкари шаҳар” тарихий мажмуасида қаршилади. Ўзаро танишув ва суҳбатдан сўнг, тарихий шаҳарчанинг қирғоқ қисмларида жойлашган “Қиз қалъаси”га таклиф этди.


 
Ушбу тарихий ёдгорликдан олган таассуротларимизни сизлар билан ҳам бўлишишни истадик.
 
Ганира Пашаеванинг сўзларига қараганда, “Қиз қалъаси”нинг пайдо бўлиши ҳақида кўпгина афсоналар мавжуд. Уларнинг аксарияти “Қиз“ сўзининг маъноси билан боғлиқ. Афсоналарнинг бирига кўра, шоҳ ўз қизини суймаган инсонга турмушга бермоқчи бўлади. Ўзини бундай тақдирдан халос қилиш ва отасини бу фикрдан қайтариш мақсадида  қиз шоҳдан қалъа қуриб беришини сўрайди.  Шоҳ фикридан қайтмайди, қизи истаган қалъани қуриб беради. Қиз эса қалъанинг энг юқори қаватига чиқиб, ўзини денгизга отади.  Қиз йиқилиб, тошга урилган. Бу тошни маҳаллий аҳоли “Қизлар тоши“ деб номлайди. Қизлар келин бўлганида, шу тошга гул олиб келиб қўйиши одат тусига кирган. 




 
Ривоятларга кўра, “Қиз қалъаси” яқинида Исо пайғамбарнинг ўн икки апостолларидан бири авлиё Варфоломей қатл қилинган. Баку ҳудудида Варфоломей I асрларда бутпараст қабилаларга христианликни тарғиб қилиб, келиб қолган. Варфоломей тарғиботлари рад этилиб, уни “Қиз қалъаси” деворлари олдида қатл қилишган. “Қиз қалъаси” ёнида қазилмалар олиб борилганида,  апостол ўлган жойида қурилган қадимий ибодатхона қолдиқлари топилган.  Лекин манбаларга кўра, Варфоломей ўлган Албанопол шаҳрининг аниқ жойлашуви ҳақида турли талқинлар мавжуд
 
Ясси тошли гумбазлар билан миноранинг ички майдони 8 қаватга бўлинган, улар винтли зина билан уланган ва бўртиб чиққан жойининг жануброғида жойлашган тирқишсимон ойналар билан ёритилган. Сони 200 кишига етиши мумкин бўлган минорада яшовчиларни сув билан чуқур қудуқ таъминлаган. Ўзининг ўлчамлари билан (баландлиги 28 м, диаметри – 16-16,5 м) ва девор қалинлиги (асосида 5 м ва юқорида 4 м) Қизлар қалъаси Апшерон қасридан ҳам ўтиб тушади. Контрфор, яширин жойи,  “шпора” билан тош ўқи тўсгичларнинг дунёда бошқа аналоги йўқдир.  Ҳимоя воситалари меъморчилик ҳусусияти ҳужжатлар билан тасдиқланмаган юқоридаги майдонда жойлашган.
 
Бўртиб чиққан ва ичкарига ўйилган кетма кетликда тахланиб қурилган корпуснинг қовурғали юзаси ҳам ўзига ҳосдир.  Қиз қалъасини ХХ аср ва олдинроқ даврларда тавсифланишида қаватлар ҳақида сўз очилмаган.




 
Қиз қалъасининг қурилган санаси номаълум.  Қалъанинг тепа қисмида киришнинг ўнг қисмида икки қатор куфи ёзувли тошли плита ўрнатилган. Унда шундай ёзилган: “Маъсуд ибн-Давуд гумбази”.  Узоқ вақт давомида бу ёзувдан келиб чиқиб,  минорани ХII асрга тааллуқли деб ҳисоблашган. Лекин бу плита минорада кечроқ пайдо бўлган, сабаби у тасодифан ва тўғри ўрнатилган асосий кириш жойидан эмас, ён томонида, ердан 14 метр баландликда жойлашган. Бу таъмирлаш пайтида минора ойнасини ёпиш учун фойдаланилган қабр тош ёки қурилмани таъмирлаган уста исми унда ёзиб қолдирилган бўлиши мумкин. Кўздан кечирганда бу жойда тўртбурчак жой ёки ойна бўлгани аниқланди.  Плита ўрнатилганидан сўнг, ойнанинг тепа қисмига бир тош ўрнатилган ва очиқ жойлари эса қурилишда фойдаланилган қоришма билан ёпилган. Плита жойида ойна бўлгани, унинг жойлашган жойи миноранинг асосий ойнаси билан деярли бир сатҳда фақат қарама-қарши томонда жойлашгани билан тасдиқланади.
 
Минора икки босқичда қурилган.  Биринчиси, таҳминан исломдан авалги эрага, ёзув эса кейингм, аниқроғи ХII асрга тегишли.
 
ХVIII-ХIХ асрларда “Қиз қалъаси” маёқ сифатида фойдаланилган. Маёқ 1858 йилнинг 13 июнида ёна бошлаган, ундан аввал эса қалъа байроғи бўлган. Кейинчалик шаҳар бинолари баландлигининг ошиши билан маёқ чироқлари ҳам шаҳарнинг тунги чироқлари билан аралашиб кетди ва 1907 йилда маёқ Наргин оролига кўчирилган.




 
1964 йилда “Қиз қалъаси” музей бўлди, 2000 йилда эса ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос объекти рўйхатига киритилган.  Минора охирги бор 2012-2013 йилларда қайта таъмирланган.
Қамариддин Шайхов
Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов

Теглар:Қиз қалъаси Ганира Пашаева Озарбайжон Баку 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!