Бундай вазиятларга панжа ортидан қараб, оч қорним – тинч қулоғим қабилида иш тутиш қачонгача давом этади.
Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Ёрқин Абдуллаевнинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари мазкур ҳудудни ўрганиш, вазиятни баҳолаш, бозор кунлари фавқулодда ҳолат юз бергудек бўлса, бозор атрофида, маҳаллаларнинг ички йўлида қолдириб кетилаётган автомобиллар ҳалал бермаслиги юзасидан чоралар кўриш вазифаси юкланган эди.
Мазкур ҳолат бўйича 25 февраль куни Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Қора қамишдаги ҳолатни ўрганиш учун белгиланган ҳудудга келиб, вазиятни ўргандилар ва маҳаллага тегишли ички йўлларда автомобиллар ҳаракатини чеклашнинг олдини олиш мақсадида тўхташни тақиқловчи йўл белгиси ўрнатиш кераклигини айтиб, ҳудудни суратга тушириб қайтдилар.
Ёдингиз бўлса, тугаб бораётган ҳафтада Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Бизнес маркази биносининг 8-қаватида ёнғин чиққан эди. Ёнғин юз берган бино ҳудудига кираверишдаги йўлакнинг қоқ ўртасида Malibu автомобилининг ташлаб кетилиши оқибатида Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ўз вазифаларини адо этишга бироз кечикдилар. Махсус автомобиль воқеа жойига етиб келиб, йўл ўртасида қолдирилган Malibu’ни четга олмагунча ўт ўчириш автомобили ёнғин содир бўлаётган бино ҳудудига кира олгани йўқ.
Қора қамишдаги ҳудудда эса бир неча ўнлаб кўп қаватли уйлар бор. Улар атрофига бир эмас юзлаб автомобиллар қаровсиз ташлаб кетилади. Уларни эвакуаторда бошқа жойга олиб ташлашнинг имкони йўқ. Боиси машиналар жойлашувидаги оралиқ бир неча сантиметрни ташкил этади, холос. Қизиқ, наҳот бу ҳудуддаги вазиятни ўнглаш учун фавқулодда ҳолат ёки ёнғин рўй беришини кутиш керак бўлса?
Халқимиз тўйга-ҳашамга бой халқ. Маъракада эса айтилган ҳам, айтилмаган ҳам учиб келади. Хўш, бу ҳудудда яшайдиганлар тўй тугур, маъракасини ҳам бозор бўлмайдиган кунга белгилаши керакми? Энг қизиғи бу ҳолатга атрофдаги маҳаллалар раислари, ўқув муассасалари ва МТМ раҳбарлари, ҳатто, туман ҳокимиятидагилар ҳам бефарқ. Гўё улар бу йўлдан юрмайди.
25 февраль куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан берилган ваъдалар, белгиланган чора-тадбирлар ҳамон амалий исботини топгани йўқ. Бунга бугун, 4 март куни ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Ё йўл белгисини қўйиш шунча кўп вақт талаб қилармикин? Шундоқ ҳам бу йўлларнинг таъмирлаталаблиги бир неча йиллардан буён шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг асосий мавзусига айланиб қолган. Маҳаллага ҳудди лазгига рақсга тушгандек чайқалиб кириб, чайқалиб чиқасиз. Бу ҳам камлик қилгандек, атрофингиз автомобил билан лиқ тўла.
Яна бир мулоҳаза: тўхташни тақиқловчи йўл белгиси бу ҳудуддаги вазиятни ўнглашига у қадар кўзимиз етмаяпти. Боиси бозор атрофида тўхташни тақиқловчи белгилар жуда кўп, аммо назорат йўқ. Шу сабаб ҳайдовчилар автомобилини истаган нуқтага қўйиб, бамайлихотир бозорга кириб кетаверади. Бу ўринда ҳайдовчини айблаш ҳам ноўрин. Чунки автомобилни қолдириш учун бошқа жой йўқ. Бозор ҳам ана шу жиҳатларни ўйланмаган ҳолда Қора қамишга кўчирилгандек.
Бу вазиятда кимни айблашга ҳайронсан. Тўхташни тақиқловчи белги тагига автомобилини ташлаб кетаётган ҳайдовчими ёки буни назорат қилмаётган ЙПХ ходимими, хўш, ким айбдор? Ё ваъда қилиб амалий ишни пайсалга солаётганларми? (!) Улар бу ҳудудда ҳам ёнғин чиқишини кутаётгандир, балки... Хулосани кейинроққа қолдирамиз.