...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қора қамишдаги бозор атрофида автомобилларни исталган жойга ташлаб кетишга 25 февраль куни барҳам берилади


19:06, 24.02.2017 Жамият
 4 333

Шундай қилиб, эртага, 25 февраль куни Қора қамишда йўл ҳаракати хафсизлиги бўйича катта рейд тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда.

2015 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрининг Бешёғоч мавзесидаги Қуш ва балиқ бозори Олмазор тумани, Қора қамиш даҳасига кўчиб келгани ҳақида хабар берган эдик. Мақолада бозорга келиб-кетувчи харидорлар, сотувчилар автомобилларини йўл бўйида, шунингдек, бозорга яқин ҳудудлардаги маҳаллалар йўлида қолдираётгани, шу атрофда яшаётган аҳоли учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани ҳақида ёзилган эди.
 
Орадан бир йилдан ортиқ муддат ўтса ҳам, бу муаммонинг ечими топилгани йўқ. Аксинча, ўзим – ўзимга хон, кўланкам – майдон кабилида иш тутувчи ҳайдовчилар, уларнинг хатти-ҳаракатларига панжа ортидан қарайдиган йўл патрул хизмати ходимлари сабаб мавзе аҳолиси ҳар шанба куни кўплаб ноқулайликларга дуч келади.
 
Айтайлик, уч “полоса”дан иборат йўлнинг фақат бир қисмидан юриш мумкин. Қолган икки “полоса” соат 16:00 гача автомобилларни қўриқлашга хизмат қилади. Бу ҳам етмагандек, маҳаллага кириб-чиқиш учун мўлжалланган ягона йўлда автомобилларнинг қолдириб кетилиши, ўша ерда истиқомат қилаётган аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Боз устига йўлакда қолдирилган автомобилларга, ҳатто, пашшани ҳам қўндирмай қоровуллайдиганлар ҳам топилган. Яна ўша гап – тегишли идоралар вакиллари бефарқ.
 
Бу ҳудудларда айни бозор қизиган, автомобиллар йўлни тўсиб қўйган вақтда фавқулодда ҳолат бўлиши мумкин эмасми? Тез ёрдам, ўт ўчириш машинаси ёки фавқулодда хизмат автомобили кириши учун кимдир ҳай-ҳайлаб йўлни бўшатиши керак. Бунинг учун эса камида 20-30 дақиқа вақт кетади.
 
23 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган бир ҳафталик профилактика назорат тадбирлари юзасидан ҳисобот йиғилишида “Qalampir.uz” мухбири айни шу масалани ўртага ташлади.
 
Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Дилшод Тиллахўжаев мазкур ҳудуддаги вазиятга тўхталар экан, айнан автомобиллар тирбандлиги юзага келган вақтда ёнғин ҳолати ёки бошқа фавқулодда ҳолат аниқланмаганини, агар шундай бўлса, ўша заҳотиёқ йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига мурожаат қилинишини, йўлнинг қатнов қисми очиб берилиши таъминланишини маълум қилди.
 
Йиғилишда иштирок этаётган Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ва Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Ёрқин Абдуллаев Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Йўлдошевга фавқулодда ҳолат бўлишини кутиб ўтирмай, Қора қамишдаги Қуш ва балиқ бозори атрофидаги ҳудудни зудлик билан ўрганиб, мавжуд камчиликларни бартараф этилиши юзасидан кўрсатма берди.
 
Шундай қилиб, эртага, 25 февраль куни Қора қамишда йўл ҳаракати хафсизлиги бўйича катта рейд тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Қуш ва балиқ бозори Қора қамиш Тирбандлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар