Мутахассисларнинг фикрларича, дельфинларнинг ўлимига балиқчиларнинг балиқ овлаш учун ташлаган тўрлари сабаб бўлмоқда.
2016 йилнинг бошидан бери қутқарувчилар Қора денгизда 108та ўлик дельфинларни топишганди. Кеча эса йил бошидан бери вафот этган дельфинларнинг сони яна салкам 200тага ортди.
Болгария экология вазири Ивелина Василеванинг сўзларига кўра, дельфинларнинг оммавий равишдаги ўлимига балиқчиларнинг балиқ овлаш учун ташлаган тўрлари сабаб бўлмоқда.
“Балиқ ови учун мўлжалланган тўрларга кириб қолаётган дельфинлар, мустаҳкам тўрлардан чиқиб кета олмаётгани сабабли нобуд бўлмоқда. Ҳукумат дельфинлар кўпаядиган ҳудудларда балиқ овини тақиқлаш борасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда”, дейди вазир вазиятдан хавотирда эканини яширмай.
Маълумот учун, Болгариядаги Қора денгиз соҳиллари 1950 йилдан буён ёз фаслида мамлакатнинг энг кўзга кўринган сайёҳлик ҳудудларидан бири саналади. Айни соҳилларда дам олиш учун ҳар йили Болгарияга минглаб сайёҳлар ташриф буюришади.