Келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилади.
Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида:
1. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади;
ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли қарори билан ташкил этилган Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан, таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида, солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори товарларни (ишлар, хизматларни) сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади;
илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгандан кейин экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларисиз амалга оширилади;
келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги халқаро карантин қоидаларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий норматив ҳужжатларга жорий этилишини таъминлаш бўйича тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 мартдаги “Экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-26-сонли қарорининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
“3. Белгилаб қўйилсинки, қонун ҳужжатларида белгиланган ТН ТИФ кодлари гуруҳларига мансуб, илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари бўйича амалга оширилади.
Бунда илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилиш улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгач Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорисиз амалга оширилади”.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби ҳақидаги Низом лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 21 июнь