...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қинғир ишнинг қийиғи: Ўзбекистон ҳудудига психотроп дорилар олиб кирганлар қўлга тушди


13:20, 20.10.2016 Жамият
 3 655

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон ҳудудига таркибида психотроп моддалар бўлган дориларни олиб киришга уринган фуқароларни жавобгарликка тортди.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.
 
Афсуски, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уринишларучраб турибди.
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматининг хабар беришича, Москвадан учиб келган қувалик Н.Зоҳидованинг (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари Андижон аэропортида божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, у божхона назоратидан яширин равишда 90 дона “Фенезепам” психотроп таблеткаларини олиб киришга урингани фош бўлди.
 
Сурхондарё вилояти “Сариосиё” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган пиёдалардан бири, хорижий давлат фуқароси П.Стефан республикамизга кириб келар экан, унга тегишли қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, бу шахс “Феназепам”, “Диазепам” каби 4 турдаги 121 дона психотроп таблеткаларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган экан.
 
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мазкур йўналишдаги бир нечта божхона қоидабузарликларини бартараф қилишди.
 
Жумладан, “Довут ота” чегара-божхона постида қўшни давлатдан кириб келган деновлик И.Очилов бошқарувидаги “Нексия” автомашинаси божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 50 дона “Феназепам” психотроп таблеткаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга урингани маълум бўлди.
 
Шунингдек, “Волгоград-Тошкент” рейси бўйича йўловчи поездида республикамизга кириб келган фуқаро О.Смирнова ҳам 150 дона “Феназепам” психотроп таблеткаларини яширин равишда олиб кирмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.
 
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний равишда олиб кирилишига қарши чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
 
Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Уфа-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поезди йўловчиси, хорижий фуқаро М.Газиева божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, сумкасига 33 дона “Феназепам” таблеткаларини яширганлиги аниқланди.
 
Маълумки, Халқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган.
 
Мазкур талаб миллий қонунчилигимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга қарамай сўнгги пайтларда таркибида наркотик ва психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларини почта жўнатмаларида юбориш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
 
Жумладан, “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пойтахтимизда истиқомат қилувчи Ч.Анастасия номига юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу жўнатмадаги буюмлар орасида 2 турдаги дори воситалари, шу жумладан 150 дона “Феназепам” таблеткалари борлиги аниқланди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
 
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида 5,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Теглар:Таблетка Психотроп дорилар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар