Назорат тадбирларида 68 та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, натижада салкам 277 млн сўмлик 125,8 тонна нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудудда айланишининг олдини олинди.
Тошкент вилояти “С.Наджимов” божхона пости орқали кириб келган фарғоналик Х.Содиқов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги юк автотранспорти мобил сканер қурилмаси ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганда, автоуловга ясама бак ўрнатилгани фош бўлди. Ҳайдовчи йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан ва оғзаки сўров вақтида маълум қилмасдан, яширин равишда қўлбола бакда 1080 литр дизель ёқиғлисини ноқонуний равишда республикамизга олиб киришга урингани фош этилган.
Жондорлик С.Жамолов бошқарувидаги ГАЗ-5312 русумли ёқилғи ташиш автомашинаси бухоролик божхоначилар томонидан олинган маълумотлар асосида тўхтатилиб текширилганда, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1900 литр дизель ёқилғисини ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланган.
Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Кармана туманида ҳаракатланаётган Isuzu юк автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 3150 литр бензин ёқилғиси ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги маълум бўлди. Аниқланишича, қиймати 7,2 млн сўмдан ортиқ нефть маҳсулотлари қоракўллик С.Жўраевга тегишлилиги маълум бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхоначилари эса нефть маҳсулотларининг яширин “омбори”ни фош қилишди. Хўжайли туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлаб фуқаро Х.Шамуратов 40 литр дизелни пуллаётган вақтда қилмиши фош қилиниб, унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда 18,5 млн сўмдан ортиқ 5300 литр дизель ёқилғиси ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланган.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган тадбирлари натижасида, хазорасплик С.Зафаровга тегишли Isuzu юк автомашинасида 4500 литр, унинг тумандоши М.Азимов бошқарувидаги шу русумдаги юк автомобилидан эса 6610 литр дизель ёқилғиси ноқонуний равишда олиб кетилаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида хазорасплик Р.Олимов бошқарувидаги DAF русумли юк автотранспорти кўздан кечирилганда, ҳайдовчи юкхонадаги 144 дона темир ва елим идишларга жойлаштирилган 31350 литрдан ортиқ бензин ёқилғисини ноқонуний равишда олиб кетаётганида божхона ходимларига тегишли биронта ҳужжатни тақдим қила олмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг дастлабки чорагида 68 та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, натижада салкам 277 млн сўмлик 125,8 тонна нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудудда айланишининг олдини олинди.