Кутилмаганда қизил карточка билан сийланган Неймарга бурчак тўпи тепилаётган вақтда мухлислар турли хил буюмлар отишганди...
“Барселона” футболчиларининг хавотирлари сабаби шуки, Неймар яқинда Каталонияга ташриф буюрди ва у ерда Месси ҳамда Суареслар билан суҳбат қурди.
Ўз вақтида дунёнинг энг кучли учлиги сифатида номланган “МСН” триосидан ажралиб чиққан Неймар Суарес ва Мессига қараб “Мабодо “Барселона”га қайтсам яна мени қабул қиласизларми?” қабилида савол берган.
Айтилишича, Неймар томонидан берилган савол, албатта, ҳазил бўлиши мумкин, лекин бразилиялик футболчи Парижга кўчиб ўтгандан сўнг бир нечта муаммоларга йўлиқди.
Жумладан, ҳозирда дунёнинг энг қиммат футболчиси янги жамоаси сафида аввалига Эдинсон Кавани билан пенальти талашиб, катта муаммо келтириб чиқарди.
Сўнгра, кутилмаганда қизил карточка билан сийланди, буниси ҳам етмаганидек “Марсель” мухлислари Неймар бурчак тўпи кўтараётган вақтда унга ўриндиқлардан турли хил буюмлар отишди.
Майдондаги буюмлар орасида ҳатто булочка ҳам бор эди. Мана шу вазиятдан сўнг Неймар “Ўйин вақтида бемалол қорнимни тўйдириб олсам бўларди”, дея ҳазиломуз интервью бериб ўтди.
Неймарнинг “Барселона” жамоасига қайтиши энди хақиқатга у қадар яқин эмас. Чунки бразилиялик футболчи ёзда ўзи истаб, Парижга йўл олди. Франция пойтахтидан қимматбаҳо уй сотиб олди. Бундан ташқари, унинг кунлик топаётган даромадини ҳисоблаб борадиган сайт яратилди.
Лекин Неймар “ПСЖ” таркибида у қадар бахтли эмаслиги кўриниб турибди. Ахир “Барселона” клуби ҳар қайси жиҳатдан “ПСЖ”дан устунроқ эди-да!
Эслатиб ўтамиз, Неймар ёзги трансферлар мавсумида 222 миллион евро эвазига “Барселона”дан “ПСЖ” таркибига кўчиб ўтган ва дунёнинг энг қиммат футболчисига айланганди.