Президент Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Халқимизнинг маънавий савиясини ошириш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни юксак инсоний ғоялар, она Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида камол топтиришда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Мана шундай муҳим вазифани адо этиш, мамлакатимиз мусика санъати арбобларининг салоҳиятини юксак максадлар сари сафарбар килишда Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси фаолиятида замон талабларидан орқада қолиш, ижодий сусткашлик, ташаббускорликнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кузатилмокда. Уюшманинг бошқарув аппарати молиявий аҳволи ва моддий-техник базаси билан боғлиқ муаммолар ҳам унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бой мусика меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган ижодий ташкилот ва жамоалар, композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар, ёш ижрочилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг истеъдод ва маҳоратини рўёбга чикариш, зарур моддий ва маънавий ёрдам бериш, соҳа вакиллари ўртасида самарали ижодий муҳит ташкил этиш бўйича кўпгина муҳим вазифалар ўз ечимини кутмокда.
Юқорида қайд этилган долзарб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгаши томонидан Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида кайта ташкил килиш ҳақидаги қарори маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг (кейинги ўринларда - Уюшма деб юритилади) асосий вазифалари этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:
Халқимизнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олиб, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш;
мамлакатимизнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар ва бошка ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа санъати бўйича ижод қилаётган барча ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада йирик мусиқа асарларини яратиш, турли ижодий танловлар ўтказиш, бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни ташкил этиш;
халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларни замон талаблари даражасида тайёрлаш, уларнинг малакаси ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш мақсадида чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш;
Ўзбекистон давлат консерваториясида соҳа вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш;
Уюшма аъзолари сафини ёш истеъдодли композитор ва бастакорлар, мусиқашунослар билан Низом талаблари асосида тўлдириб бориш;
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.
4. Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимларининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни молиялаштириш манбаи этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди (кейинги ўринларда Фонд деб юритилади) маблағлари ва қонунчиликда такиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
Бу борада Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳак тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма ҳудудий бўлимларининг аниқ манзиллар бўйича жойлаштирилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Уюшма аъзоси бўлган фаол композитор ва бастакорлар, мусиқашуносларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
7. “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлар уюшмасининг “Дўстлар клуби”га раҳбарлик қилиш юзасидан билдирган ташаббуси маъқуллансин. “Асакабанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлар уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Я.Ғуломов кўчаси, 69-уйда жойлашган Уюшма биносини таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа агокли намояндаларининг электрон архивини ва махсус фонотека, овоз ёзиш студияси ҳамда “Мусиқа ижодкорлари” музейини ташкил этишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ҳакидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
8. Уюшма ўз фаолиятини такомиллаштириш мақсадида дунёдаги ривожланган давлатларнинг мусика санъати соҳасидаги ижодий уюшмалари билан ўзаро ҳамкорлик алокаларини йўлга кўйиш, жумладан, ҳалкаро ташкилотларнинг грантларини жалб этиш чоралари белгилангани маълумот учун кабул қилинсин.
Уюшма тавсияси билан унинг фаол аъзоларини хориж давлатларига малака ва тажриба алмашиш учун Фонд ҳисобидан хизмат сафарларига юбориш тизими йўлга қўйилсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат килиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент, 15 август