Тошкент шаҳрида ёши катта ва кекса фуқароларнинг мулкини ўғирлаш ҳолатлари кўпаймоқда.
Ушбу ҳолат ички ишлар ходимлари ҳамда аҳолини жиддий ташвишга солмоқда. Бундай жиноятлар ёши катта ва кекса фуқароларни алдаш, уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали амалга оширилмоқда. Жиноятчилар турли баҳона ва моддий манфаатларни ваъда қилиб, асосан ёлғиз кексалар яшайдиган хонадонига кириб, моддий бойликларини алдов йўли билан ёки яширин равишда олиб чиқиб кетмоқда.
Хонадонга киришда сув ичиб олиш, йирик купюрадаги пулларни майдасига алмаштириш, хожатини чиқариб олиш ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб олиш каби баҳоналар жиноятчилар томонидан қўлланилган.
Шундан келиб чиқиб, ИИБ ходимлари томонидан ёши катта ва кекса фуқароларга бегона шахсларни хонадонга умуман қўймаслик, турли найранг, алдов ва таклиф этилаётган моддий манфаатларга ишонмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу турдаги жиноятларни содир этишда гумон килинаётган бир неча шахслар воқеа жойи яқинида жойлашган видеокузатув камераси орқали аниқланган.
Жиноятда гумон қилинган шахсларга нисбатан қидирув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.