...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қалампирнинг қалампирли ходимлари ҳақида бир нарса


18:10, 27.06.2017 Жамият
 6 848

Байрам муносабати билан таҳририят ходимлари ҳақида ҳазил тариқасида тўртликлар битиб, уларнинг вазифалари ва характерларига озгина тўхталдик.

Бугун, 27 июнь куни Ўзбекистон бўйлаб Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланмоқда. “Qalampir.uz” сайти ҳам сизлар учун янгилик бериш мақсадида туну кун меҳнат қилмоқда.
 
Ушбу кун муносабати билан таҳририят ходимлари ҳақида ҳазил тариқасида тўртликлар битиб, уларнинг вазифалари ва характерларига озгина тўхталдик. Эътиборингизга шуларни ҳавола этамиз.
 
Тунлари ухламас, бизни ҳам ухлатмас
Янгиликка ҳалол, ҳеч кимдан “ухлатмас”.
Тўғри, озгина заҳар, унинг бори шу,
Лекин бездирмас ё бизни ҳам уфлатмас.



Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” сайти раҳбари. Уни журналист сифатида кўпчилик яхши танийди. Айниқса, аччиқ ва ўткир танқидий мақолалари туфайли анча-мунча санъаткорларни “чўчитиб” қўйган.
 
Мавзу бир, йўналишлар аралашмас,
Фақат спорт, сиёсатга аралашмас.
Бу дегани ҳаммамиз бир бўлволиб,
У одамни ажратиб, “арралашмас”.



Акмал Эшонхонов, сайт ходими. Асосан дунё ва спорт хабарларини ёритади. Сиёсий жараёнларга ҳуши йўқ. Баъзида шунинг учун ҳам ходимлар унга “нишини” уриб туришади.
 
Бир гап айтсанг, қилмайман, деб тонадир,
Гапи ҳам кўп, иши ҳам бир тоннадир.
#Бугунимиз ўтмайди у ходимсиз,
#Тавсия бермаса, умид сўнадир.



Соҳиба Мамадиёрова (Сумбула), сайт ходими. Асосан жамият, олам, шоу-бизнес ва технологияга оид хабарлар ва мақолалар ёзади. Озроқ қайсарлиги бор, лекин ишига талабчан, жамоага қўлдан келганча ёрдам беради.
 
Мажлис деса, ўз вақтида келишмайди,
Бир айби – артистлар билан келишмайди.
Универсалдир, барча ишни қилади,
Яхшилигин шу артистлар билишмайди.



Дурдона Расулова, сайт ходими. Қизиқарли ва ўзига хос мавзуларда материал топиш ҳамда ёзишда анча илғор. Оғирбосиқ, лекин шоу-бизнес вакиллари билан унча чиқишолмайди.
 
Йўлда юрса, ҳазил қилар бир эмас,
Кўп гапириб, кам ишлаши сир эмас.
Лекин топса, яхши мавзу ёзади,
Қалби тоза, кўнгли асло кир эмас.



Мусулмонбек Иброҳимов, сайт ходими. Юрган йўлида фақат ҳазил қилади, одамларни кулдиради. Унинг оригинал мавзуларда қалам тебратиши, теша тегмаган гаплардан фойдаланиши кўпчиликка маълум бўлиб улгурди, чоғи.
 
Кафт қичишса, эслаймиз шу одамни,
Умид бериб, ёруғ қилар оламни.
Унга фақат яхши гап гапирамиз,
Акс ҳолда-чи, ким боқади боламни?



Умида Содиқова, сайт бухгалтери. Кўп ҳолатда банкма-банк юришини ҳисобга олсак, ишхонада камнамо бўлади. Лекин ойликларни вақтида беради (барибир ўзи ҳам ўқийди буни).
 
Ой охирида “атчўт”ларни сўрайди,
Яхши-ёмонни ҳам қоғозга ўрайди.
Ўзбекчани тузук-қуруқ билмай туриб,
Лабларини турк тилига бурайди.



Кристина Пфaндер, сайт кадрлар бўлими ходими. Кўп ҳолатда ходимларнинг ёнини олади: айбларини беркитади. Уни офиснинг батарейкаси деб аташади, чунки масъулиятни жуда дўндиради.
 
Яхшига ҳам, ёмонга ҳам ёв бола,
Бир ёниб, бир ўчади – олов бола.
Шу кунларда хаёллари паришон,
Кун эмас, соат санар куёв бола.



Ёрқин Самиев, сайт контент-менежери. Қизиққон, лекин кўп ҳолларда вазмин. Ўз ишининг устаси. Яқинда уйланяпти, ўзи эшитиб қолмасин, ҳаммани тўйга айтамиз.
 
Ҳамма гапга чидайди, лек кўнгли нозик,
Териб-териб танқид қилар, сўзи нозик.
Бироз эринчоқ, шошқалоқлиги бордир,
Тегинманг, эҳтиёт бўлинг, ўзи нозик!



Бобур Жалолов, сайт бош муҳаррири. “Qalampir” фуқаролар қабулхонасини очиб, яхши маънода боши балога қолган журналист. Жуда эринчоқ, лекин масъулиятли.
 
Бугун байрам, ҳазил қилдик борича,
Ўтиб кетиб, етмай қолгандир пича.
Шундай экан, койимангиз Бобурни,
Ҳазиллашди, эркалик қилди жичча.

Теглар:Qalampir 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар