Шавкат Мирзиёев Фарғонадаги Мустақиллик мавзесида барпо этилган кўп қаватли уй жойларни кўздан кечирди.
Давлат раҳбарининг 2016 йил 11 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтган йили бу мавзеда бешта 7 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Уларда оилаларнинг яшаши учун барча зарур шароит яратилган. Квартиралар иситиш қозони билан таъминланган, йўлакларга замонавий лифтлар ўрнатилган.
Бугунги кунда мавзеда жорий йилга режалаштирилган 10 та уй қурилиши жадал давом этмоқда. 2019 ва 2020 йилларда бу ерда яна 19 кўп қаватли уй қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу ерда умумтаълим мактаби, боғча, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кўп қаватли автотураргоҳ барпо этиш мўлжалланган.
Шу ерда дастлаб Фарғона шаҳрининг Бош режаси ҳақида маълумот берилди. Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш, вилоятда ичимлик сув ва оқова тармоқлари, шаҳарлардаги кўп қаватли уйларни иситиш тизимини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Президент лойиҳа-таклифларни маъқуллаб, қурилиш ишларини сифатли бажариш, шаҳар мавзеларини обод қилиш, янги турар жойларни жаҳон архитектураси ютуқлари асосида бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага икки кунлик ташрифи ниҳоясига етди.