Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун масъул органнинг ташкилий-штат тузилмаси соҳада давлат назоратини самарали ташкил этиш имконини бермаяпти.
Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.
Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизими янада такомиллаштирилди, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Шу билан бирга, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун масъул органнинг ташкилий-штат тузилмаси соҳада давлат назоратини самарали ташкил этиш имконини бермаяпти.
Соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишда фан ва инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланмаслик натижасида лойиҳалаш, реставрация-тиклаш ишлари моддий маданий мерос объектларининг ноёблигини сақлаб қолишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилсин.
Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек, улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;
алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;
археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек, археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;
миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек, давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;
олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;
моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;
халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги музейлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи идоралараро кенгаш ҳамда Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси тугатилсин, уларнинг вазифа ва функциялари Департаментга юклансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) Департамент юридик шахс ҳисобланади ва давлат муассасаси шаклида ташкил этилади;
б) Департамент бошлиғи лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
в) бош меъмор ва бош инспектор Департамент бошлиғининг ўринбосарлари ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
г) Департамент:
моддий маданий мерос, жумладан, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида махсус ваколатли муассаса ҳисобланади;
ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мерос объектлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, меҳнатга оид муносабатлар бундан мустасно;
д) моддий маданий мерос объектларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва аҳоли пунктларининг бош режалари Департамент билан келишилиши мажбурий ҳисобланади.
4. 2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.С.Сайфуллаев):
Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йўл харитаси”да назарда тутилган тегишли тадбирларни молиялаштириш манбалари ва миқдорларини белгилаш бўйича ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда соҳага имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.
6. Департамент қошида тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислардан иборат Илмий-эксперт кенгаш тузилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Илмий-эксперт кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва унга Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади;
Илмий-эксперт кенгаш аъзоларига давлат суд экспертлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар Департамент томонидан Илмий-эксперт кенгаш билан келишилади ва унинг хулосаси Департамент учун мажбурий ҳисобланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлигининг маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантириладиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат музей қўриқхоналарига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоиз миқдори, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 50 фоиз миқдори;
Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказишдан, шунингдек, асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси ва илмий-техник назоратини амалга оширишдан тушган маблағлар;
моддий маданий мерос объектида асрашга доир ишларни амалга ошириш ва маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар беришга тўланган йиғимлар;
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги учун тўланадиган жарималар;
давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш бўйича маблағлар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
8. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга доир ишларни амалга ошириш;
моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини, археология ашёлари ва миллий музей фондининг давлат каталогларини юритиш;
моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ қилиш, археология объектларида қазишма ишларини олиб бориш, уларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш;
Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;
экспертларни, жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этиш, Илмий-эксперт кенгаш аъзолари, Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш;
қонун ҳужжатларида белгиланган Департамент фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш учун сарфланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг:
Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасини тегишлича “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхоналари этиб қайта номлаш;
Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тартибини белгилаш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади;
давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;
археология қазишмалари табиий емирилиш, бошқа ҳаракат ва ҳолатлар хавфи остидаги ҳамда устувор илмий қимматга эга археология ёдгорликларида амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Департамент томонидан эълон қилиб борилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхати ҳар йили Департамент томонидан унинг ҳудудий бошқармалари таклифига асосан шакллантирилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхати шакллантирилади ҳамда ушбу рўйхатдан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишларни амалга оширувчи ташкилотлар аниқланади;
фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.С.Сайфуллаев):
2019 йилнинг 1 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхатини шакллантирсин ҳамда унинг доимий янгиланиб боришини таъминласин;
2019 йилнинг 1 апрелига қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига жамоатчи инспекторларни бириктириш чораларини кўрсин;
2019 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Madaniyat va Ma’rifat” телеканали Департаментнинг моддий маданий мерос объектларини илмий асосларда тарғиб этиш ва аудиовизуал асарларни тайёрлаш бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белгилансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудовга – пухта танлов асосида Департаментни юқори малакали, ташаббускор, маданий мерос масалалари бўйича зарур билим ва амалий тажрибага эга кадрлар билан тўлдирилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С.Сайфуллаевга – “Йўл харитаси”ни амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиши, Департамент фаолиятини самарали ташкил қилиш, мавжуд ташкилий-техник, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа масалаларни ҳал этиш;
вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – “Йўл харитаси”да назарда тутилган вазифаларнинг ижросини тўғри ташкиллаштирилиши ҳамда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши чораларини кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Департамент фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов, Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 декабрь