Шавкат Мирзиёев илғор ҳарбий қисмларни улуғ саркардалар шарафига номлаш тўғрисида кўрсатма берди.
Президент аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатнинг шонли тарихини, ушбу заминда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши кераклигини таъкидлади.
“Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган, ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши аждодлар ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди.
Ўзбекистон тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий дарсларга шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориб, хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берилди.