Президент қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 15 нафар қиз Зулфия мукофот совриндори бўлди.
Мамлакатимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган қизларни рағбатлантириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги «Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан:
1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.
2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича кўзда тутилган 14 та мукофот ўрнига 2017 йил учун истисно тариқасида Қорақалпоғистон Республикасининг 2 нафар, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 нафардан вакилаларига – жами 15 та мукофот берилиши белгилансин.
3. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Норбоева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 3 март