...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент ҳарбий соҳада бажарилган ишлар сарҳисоби билан танишди


18:58, 28.11.2018 Жамият
 2 335

Ўзбекистон армияси қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингда бир йилда 9 поғонага кўтарилган.

Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
 
Унда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча масалалар қатори ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
 
Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган йўналишлар ҳаётга татбиқ этилди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
 
Ўтган қисқа вақтда ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва вазифалари бўйича бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Натижада қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.
 
Ўзбекистон армияси қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингда бир йилда 9 поғонага кўтарилгани, Буюк Британияда ўтказилган нуфузли “Кембрий патрули” танловида Ўзбекистон ҳарбийлари 90 мамлакатдан иштирок этган 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллагани бу борадаги ишлар тўғрилигини яққол исботлайди.
 
Армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритмоқда. Биринчи марта давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида йиғинлар ўтказилди.
 
Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди.
 
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда.
 
Йиғилишда мамлакат ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқарув тизими такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинмоқда.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар