Президент мактабда ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилмоқда. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинган.
Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.
Буюк аждодлар асос солган Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакат маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган муассаса ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, “Устоз-шогирд” анъаналари асосидаги машғулотларни ташкил этиш, дунёвий давлатда диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, илмий семинарлар, конференциялар ташкил этиш, энг муҳими, “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига илм-маърифат, юксак одоб-ахлоқ билан қарши туришдек катта вазифаларни қўйган.
Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.
Президент мактабда ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.