Учтепа тумани ҳокимлигида мазкур ташриф давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тадбир ташкил этилди.
Учтепа тумани ҳокимлигида мазкур ташриф давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва истиқболдаги ишларга бағишланган тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ўтказган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, депутатлар, туман ҳокимлиги мутасаддилари, тадбиркорлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди.
Ҳозирги кунда Учтепа тумани ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмокда. Хусусан, тиббий хизмат кўрсатиш, курилиш материаллари, кимё саноати, мебель, фармацевтика, чарм-пойабзал каби йўналишлардаги 70 га яқин лойиҳанинг бажарилиши натижасида мингга яқин иш ўрни яратилади.
“Президентимиз Шавкат Мирзиёев 78-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, мактабни капитал таъмирлаш лозимлигини айтди. Ҳозирги кунда мактабни таъмирлаш ишлари бошланди. Айниқса, Президентимизнинг ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб курси ташкил этиш борасидаги кўрсатмасини катта ишонч сифатида қабул қилдик”, деди “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулжамол Шариева.