...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент шошилинч тиббий ёрдамни зудлик билан такомиллаштириш бўйича қарор имзолади


09:02, 26.01.2018 Жамият
 2 893

Press-hall’да Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ушбу қарорни шарҳлаган эди.

Кеча, 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузурида ташкил этилган Press-hall’да Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ушбу қарорни шарҳлаб, ОАВ вакилларига етказгани ҳақида хабар берган эдик. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, фуқароларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг барча қатламлари тиббий хизматдан фойдаланиши учун шароит яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бу ҳудудларнинг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини берди, тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш эса 2 баравар кўпайди.
 
Шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг ташкилий асослари шакллантирилганига қарамай, ҳанузгача унинг самарадорлиги замон талабларига жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси етарли эмаслигича қолмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4985-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги, самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида:
 
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
 
шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, мулкий шакли ва бошқарувидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилади;
 
ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланади.
 
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2018 йилда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури (бундан буён – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
 
тез тиббий ёрдам хизматининг соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш;
 
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (бундан буён –РШТЁИМ), унинг филиаллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
 
тез тиббий ёрдам хизмати ихтисослаштирилган автотранспортини замонавий тиббий ускуналар ва рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) билан жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш;
 
шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал ривожлантиришни таъминлайдиган илмий тадқиқотларнинг устувор ва истиқболли йўналишлари ҳамда илғор технологияларни ҳисобга олган ҳолда тиббий кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ва РШТЁИМ ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари негизида бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
 
4. Тез тиббий ёрдам тизимини ихтисослаштирилган автотранспорт билан жиҳозлаш нормативлари ва улардан фойдаланиш муддатлари 2-иловага мувофиқ, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати кўчма бригадасини тиббий ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозлаш табели 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрнатилган тартибда:
 
бир ой муддатда тез тиббий ёрдам тўғрисида низом ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашнинг янгиланган нормативларини тасдиқласин;
 
мазкур қарор қабул қилинишини инобатга олган ҳолда бир ой муддатда беморларни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига шошилинч ётқизилишини талаб этувчи кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар Рўйхатини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирлар тўлиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин;
 
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Call-марказлар фаолиятини ташкил этиш учун шифокор, ўрта тиббий ва техник ходимлар лавозимларини жорий этиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизматининг янгиланган штат меъёрларини қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, шунингдек, уларни аҳолига самарали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлган малакали тиббий кадрлар билан қўшимча таъминласин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 1 февралидан тез тиббий ёрдам бригадалари ҳайдовчиларига уларга беморларни ташиш бўйича қўшимча равишда юклатилган функцияларни бажаргани учун, агар санитар штати мавжуд бўлмаса, тариф ставкасида 30 фоиз миқдорида устама тўлашни жорий қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарор ва Дастурда назарда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар йили зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари тез тиббий ёрдам тизимининг автогараж хўжалигига доир талабларга риоя этилиши, унинг моддий-техник воситалар билан таъминланганлиги, шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадаси ихтисослаштирилган автотранспортининг узлуксиз ишлаши учун шахсан жавобгардирлар.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун хорижий давлатлар, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларини (заёмларини) ва грантларини ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда тиббиёт муассасалари раҳбарларини мазкур муассасалар томонидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш асоссиз равишда рад этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-1114-сон қарорининг 2-банди ва унинг 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йилда шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури бажарилишининг таҳлилларига асосан 2019 йилда шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги комплекс тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
 
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
 
улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
 
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.Акмалов зиммаларига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев  
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 январь

Теглар:Шавкат Мирзиёев Президент қарори Шошилинч тиббий ёрдам 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар