...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасига оид янги қарорни имзолади


11:54, 15.11.2018 Жамият
 3 230

Қурилиш вазирлигига 2019 йил 1 майга қадар Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
 
Фармон билан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:
 
  • барча қурилиш объектлари лойиҳаларининг смета қисми мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилади (инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган қурилишлар бундан мустасно);
 
  • қурилиши тугаган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи вакиллари иштирокида амалга оширилади;
 
  • шунингдек, “fast-track” усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қуриш) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилади.
 
2019 йил 1 январдан бошлаб:
 
  • лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш учун Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатлар томонидан берилган сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар тан олинади;
 
Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти – 1961 йилда иқтисодий тараққиёт ва жаҳон савдосини ривожлантириш учун ташкил этилган ҳукуматлараро иқтисодий ташкилотдир. Ташкилотга бугунги кунда 36 та давлат аъзо.
 
  • қурилиш учун ер участкаларини вақтида ажратмаслик ёки нотўғри ажратиш натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағи ҳисобидан қопланади;
 
  • миллий қурилиш нормалари ва қоидалари хорижий норматив-техник ҳужжатларга танлов асосида мослаштирилади.
 
2019 йил 1 мартдан бошлаб:
 
  • малакага эга бўлиши мажбурий бўлган мутахассисларни сертификатлаш Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси томонидан амалга оширилади;
 
  • лойиҳалашни амалга оширишга штатида сертификатга эга ва доимий ишлайдиган камида иккита муҳандис мавжуд бўлган ёки Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси аъзоси бўлган юридик шахсларга рухсат этилади.
 
  • 2020 йил 1 январдан уй-жой қурилиш объектлари энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий жиҳозланиши лозим, BREEAM (бинолар самарадорлигини экологик баҳолаш усули) ва LEED (энергия-самарадор ва экологик лойиҳалаштириш бўйича қўлланма) стандартлари бўйича сертификатларга эга объектлар бундан мустасно.
 
Бундан ташқари, қурилиш соҳасини техник тартибга солишнинг норматив базаси қуйидаги босқичларда ислоҳ қилинади:
 
  • тайёргарлик даври (2019-2021 йиллар) – геологик, табиий-иқлим, сейсмологик хусусиятларни инобатга олган ҳолда миллий қурилиш нормалари қайта кўриб чиқилади ва хорижий норматив-техник ҳужжатларга мослаштирилади;
 
  • ўтиш даври (2022-2026 йиллар) – мослаштирилган норма ва қоидалар амалиётда қўлланилади, қурилиш соҳасига инновациялар жорий этилади;
 
  • якуний давр (2027-2028 йиллар) – қурилиш соҳасининг ягона норматив базаси яратилади.
 
2019 йил 1 мартга қадар қуйидагилар бўйича таклиф киритилади:
 
  • хорижий компанияларни жалб этган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва мамлакат ҳудудига илк бор олиб кириладиган қурилиш асбоб-ускуналари, техникаси, материаллари ва буюмларини сертификатлайдиган синов лабораторияларини ташкил этиш;
 
  • давлат органларида идоравий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияларини бажарувчи таркибий бўлинмалар ташкил этиш;
 
  • ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштириш тартибини аниқлаш;
 
  • мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида йирик ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш.
 
Бундан ташқари, Фармон билан Қурилиш нормалари ва қоидалари Адлия вазирлигидан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтиши лозимлиги белгиланди. Қурилиш вазирлигига 2019 йил 1 майга қадар Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Теглар:Президент фармони Шаҳарсозлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар