Уй-жой коммунал соҳа ташкилотлари, айниқса, таъмирлаш-тиклаш хизматларининг моддий-техник базаси ташкил этилади.
Кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан тегишли равишда фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини ташкил этиш даражасини янада оширишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, кўп хонадонли уй-жой фондининг уй ичидаги муҳандислик коммуникациялари ва умумий фойдаланиладиган жойларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни болалар ва спорт майдончалари ташкил этган ҳолда, ободонлаштиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бозорини ривожлантириш имконини берадиган уй-жой коммунал хўжалигини бошқаришнинг таъсирчан вертикал тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
уй-жой коммунал соҳа ташкилотлари, айниқса, таъмирлаш-тиклаш хизматларининг моддий-техник базасини ташкил этиш ва мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва малакали мутахассислар билан таъминлаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) тасдиқлансин ва унда қуйидагилар кўзда тутилсин:
2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондининг умумий фойдаланиладиган жойларини мукаммал ва жорий таъмирлаш параметрлари 1-иловага мувофиқ;
2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш параметрлари 2-иловага мувофиқ;
2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш параметрлари 3-иловага мувофиқ;
кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс тадбирлар 4-иловага мувофиқ.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари тасдиқланган Дастурнинг белгиланган муддатларда қатъий бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
3. Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш – тижорат банклари кредитлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг махсус банк ҳисобварақларида алоҳида тўпланадиган ўз маблағлари;
кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш – Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, шу жумладан, йил бошидаги қолдиқ бўш маблағлар ва I-III чорак якунлари бўйича ортиғи билан бажарилган даромад қисми, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
кўп хонадонли уй-жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш – хусусий уй-жой мулкдорларининг ўз маблағлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан.
4. Дастурни амалга ошириш доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг "Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси – буюртмачи;
"ТошуйжойЛИТИ" АЖ – бош лойиҳа ташкилоти;
"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ – уй-жой коммунал соҳа ташкилотларини молиялаштиришни таъминлайдиган ваколатли банк;
"РИЛК "Қурилишмашлизинг" АЖ – уй-жой коммунал хизматлар кўрсатадиган ташкилотларни зарур техника ва таъмирлаш-қурилиш ускуналари билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган лизинг компанияси этиб белгилансин.
5. Тижорат банкларига «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига мазкур қарор билан тасдикланган Дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган ставка бўйича 5 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
тижорат банклари билан биргаликда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш-тиклаш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари учун аввал ажратилган кредитларини қарз олувчиларнинг аризаларига биноан 5 йил муддатга узайтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда уй-жой коммунал хўжалиги корхона ва ташкилотларининг ҳисобварақларида маблағ тўпланиши ва улардан фойдаланиш тартибини кўзда тутадиган низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматлари кўрсатадиган “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ва унинг шаҳар ҳамда туманларда, зарур ҳолларда, туманлараро филиаллари ташкил этилсин.
Бунда “Ягона ҳисоб-китоб маркази”нинг талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақлари:
"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ филиалларида – банкнинг шаҳар ва туманлардаги мавжуд филиалларида;
бошқа тижорат банклари филиалларида – “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ филиаллари мавжуд бўлмаган ҳудудларда очилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари “Ягона ҳисоб-китоб марказлари” тегишли равишда фаолият кўрсатиши учун уларни хоналар билан таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан ҳамкорликда 2017 йилнинг 1 ноябригача кўп хонадонли уйларни, мулкчилик шаклидан қатъи назар, паспортлаштириш натижалари бўйича уларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантирсин ва уни мунтазам янгилаб боришни таъминласин;
2017 йилнинг 1 сентябрига қадар “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУКни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва лизинг ҳисобидан “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУКнинг янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туман филиалларини 5-иловага мувофиқ махсус техника ва механизмларнинг намунавий рўйхати асосида махсус техника ҳамда механизмлар билан таъминласин;
кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича белгиланган норма ва қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, кўп хонадонли уй-жой фонди умумий мулкини ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун турар жой ҳамда нотурар жой бинолар мулкдорларининг мажбурий бадаллари энг кам миқдорини ҳар йили тасдиқласин ва уларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига етказсин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
кўп хонадонли уй-жой фонди умумий мулки ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун турар жой ҳамда нотурар жой бинолар мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдори хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган энг кам миқдордан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади;
хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг раиси "Коммуналўқув" ўқув-услубий маркази" давлат унитар корхонасида ўқигани тўғрисида тегишли сертификатга эга бўлган тақдирда, туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда сайланади, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларининг умумий йиғилиши қарори асосида туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғининг тақдимномасига кўра лавозимидан озод этилади.
9. Кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Комиссия) 6-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
кўп хонадонли уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари сифатини мониторинг қилиш;
кўп хонадонли уй-жойларни мавсумий фойдаланишга тайёрлашни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
республикамизнинг кўп хонадонли уй-жой фондига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларининг Дастур амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш;
Дастур параметрларига, зарур ҳолларда, асосланган ўзгартиш ва аниқликлар киритиш.
10. "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" ДУК 2022 йилнинг 1 январигача:
барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган қурилиш техникаси, кичик механизация воситалари, материал ва ускуналар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Дастурни амалга ошириш доирасида бажариладиган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишлари сифатининг, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан тузилган шартномалар шартлари бажарилишининг давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги "Ўзқурилишматериаллари" АЖ, "Ўзметкомбинат" АЖ билан биргаликда навбатдаги йил учун моддий балансларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосланган талабномалари бўйича Дастурни амалга ошириш учун цемент ва металл прокатларини тўғридан-тўғри шартномалар ҳамда тартибга солинадиган нархлар асосида ўрнатилган тартибда ажратишни назарда тутсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 24 апрель