Халқ табобати соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларнинг замонавий тиббий хизматларга, дори-дармонлар билан таъминланишига бўлган имкониятларини кенгайтирди, шунингдек, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлиги яхшиланишига олиб келди.
Ўткир ва мураккаб касалликларни даволашда халқ табобати муҳим аҳамият касб этади, табибларнинг хизматларига аҳолининг турли қатламларида катта эҳтиёж сезилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳадаги вазиятнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқ табобати йўналишида кўрсатилаётган тиббий хизматларда назоратнинг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, халқ табобатининг замонавий тиббиёт тизимида тутган мақоми ва роли хусусида қатор саволлар юзага келмоқда, хусусан:
биринчидан, халқ табобати хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база яратилмаган, табибларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқланмаган, халқ табобати усуллари билан даволовчи шахслар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва хавфсизлиги устидан давлат назорати амалга оширилмаяпти;
иккинчидан, халқ табобати усуллари билан тиббий ёрдам кўрсатувчиларнинг мижозлар соғлиғига зарар етказганлик учун масъулияти белгиланмаган, шунингдек, халқ табобати вакилларининг ҳуқуқларини асоссиз аралашувлардан ҳимоя қилиш кафолатланмаган;
учинчидан, касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда замонавий тиббиёт билан халқ табобати ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва интеграцияни бошқаришнинг тартиб ва механизмлари мавжуд эмас;
тўртинчидан, халқ табобати вакиллари, уларнинг тажриба ва иш натижалари, улар кўрсатадиган хизмат турлари ҳақида ва бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи халқ табобати бўйича тизимлаштирилган ягона маълумотлар базаси мавжуд эмас.
Халқ табобати фаолиятини тартибга солиш, тўпланган тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобатининг усуллари ва ютуқларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар белгилансин:
халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилади;
халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади;
халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланадилар;
тиббий хизмат кўрсатишга нисбатан қўйилган талаблар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган ҳисобланади.
2. Халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар эътироф этилсин:
халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлигини белгилаш;
халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизматдан фойдаланишда онгли равишда танлаш имкониятини яратиш учун халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграциялаш орқали унинг салоҳиятидан фойдаланиш;
халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш.
3. Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ.Шодмонов –ушбу Дастурда назарда тутилган барча тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини тартибга солиш ва янада ривожлантириш бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов – ушбу қарор асосида вазирлик ва идораларга юклатилган вазифаларнинг самарали ва лозим даражада бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича шахсан жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг:
республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббиёт-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш;
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ҳафта муддатда Махсус комиссия таркибини шакллантирсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига халқ табобатини ривожлантириш ва халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш доирасида:
халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкиллаштириш, шунингдек, ўзбек халқ табобатининг бой тарихий анъаналари ва ноёб меросини ўрганиш, халқ табобати йўналишларини тизимлаштиришда ташкилий ва услубий ёрдам бўйича чуқур илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ифодаловчи таниқли ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифалари юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) 2018 йил 15 ноябрга қадар:
давлат таълим стандартларининг талаблари асосида халқ табобати бўйича ўқув дастурини;
халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган биноларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин;
б) 2018 йил 1 декабрга қадар:
халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан, тиббий техникага нисбатан минимал талабларни;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин;
в) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил охирига қадар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибалари, хизмат кўрсатиш турлари, алоқа ва бошқа маълумотларни қамраб олган ягона маълумотлар базасини шакллантиришни, оммабоп фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштиришни, шунингдек, ушбу турдаги ташкилотлар фаолиятини лицензиялаш амалга оширилиши билан базани доимий равишда янгиланиб боришни таъминласин;
г) “Халқ табобати” йўналишини тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатурасига киритсин;
д) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича мунтазам чиқишлар ҳамда мавзули кўрсатув ва эшиттиришларни ташкиллаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 октябрь