Ўзбекистонда технопарклар ташкил этилади.
Ўтган давр мобайнида электротехника саноати ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар бажарилди, бу эса ишлаб чиқаришнинг янги турларини ўзлаштирган ҳолда маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини яратди.
Шу билан бирга, 2017 йилда электротехника саноатига киритилган инвестицияларнинг салмоғи республика бўйича умумий инвестицияларнинг атиги 0,8 фоизини, ЯИМ таркибида электротехника маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,5 фоизни ташкил этди.
Саноатда хомашё базасининг чегараланганлиги хорижий аналоглари билан солиштирганда унинг таннархи ошишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импортида қўшилган қиймат солиғи муддатини кечиктиришга имкон яратиш ва ҳисобга олиш механизмининг мавжуд эмаслиги экспорт қилувчи ташкилотларнинг айланма маблағлари бошқа мақсадларга жалб қилинишига ва харажатларнинг ошишига олиб келмоқда.
Электротехника саноати ташкилотларининг фаолият самарадорлигини янада ривожлантириш ва ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Электротехника саноати корхоналари, “Ўзэлтехсаноат” АК акциядорларининг умумий йиғилиши, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
“Ўзэлтехсаноат” АК негизида унинг мол-мулки ва давлатга тегишли бошқа воситаларни, шунингдек, дебитор ва кредитор қарздорлигини (“Ўзэлтехсаноат” АКга тегишли хўжалик жамиятларининг кўчмас мулки ва устав капиталидаги акциялар пакети (улуши) бундан мустасно) ўтказган ҳолда Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмасини (кейинги ўринларда – “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси) ташкил этиш;
“Ўзэлтехсаноат” АКга тегишли хўжалик жамиятларининг кўчмас мулки ва устав капиталидаги акциялар пакети (улуши)ни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
ихтиёрий асосда аъзо бўлган электротехника саноати корхоналари ва ташкилотлари “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси аъзолари ҳисобланиши;
ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилиши;
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланиши;
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси аъзоларининг бадал ва ажратмалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
хомашёни қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс сифатида, шу жумладан, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш асосида саноатни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
ички ва ташқи бозорларда электротехника маҳсулотларига бўлган талаб конъюнктурасини ўрганиш ва шу асосда маҳсулотнинг янги турларини ўзлаштиришда кўмаклашиш, ички бозорни юқори сифатли миллий электротехника маҳсулотлари билан тўлдириш ва унинг экспорт географиясини, шу жумладан, турли ахборот ресурслари ва кўргазма тадбирларида миллий брендларни илгари суриш ва электротехника саноати корхоналари салоҳиятини намоён этиш орқали кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишга кўмаклашиш, саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
электротехника саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаблар ва стандартлар билан уйғунлаштириш орқали уни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;
ҳудудлар салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболлари, хомашё базаси, инфратузилма, меҳнат ресурслари ва бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда электротехника саноати корхоналарини жойлаштиришга кўмаклашиш;
электротехника саноати соҳасида кадрларни тайёрлашга бўлган реал эҳтиёж ва истиқболли йўналишларни аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларни такомиллаштиришда иштирок этиш, мазкур соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;
саноатни жадал ривожлантиришга ва электротехника саноати корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сино” АЖ давлат акциялари пакетини инвесторларга танлов асосида “ноль” харид қиймати бўйича корхонанинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш билан бир вақтда корхонанинг фаолиятини соғломлаштириш учун инвестициялар киритиш шарти билан топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг:
ТИФ ТН кодлари 7411 гуруҳи бўйича мис қувурлар экспортига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш;
ТИФ ТН кодлари 7407-7410 ва 7412-7419 гуруҳлари бўйича мисдан ясалган маҳсулотлар экспортига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини харид қилинган мис бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасининг 50 фоизини ҳисобга киритиш, қолган ярмини корхона харажатларига ўтказган ҳолда 2020 йилнинг 1 январига қадар қўллаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
6. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган электротехника ва электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2022 йилнинг 1 январига қадар ўзининг асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар, шунингдек, улар томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб келинадиган қурилиш материаллари импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш бўйича қарздорлик суммасини қўшилган қиймат солиғи юзасидан умумий ҳисоб-китобда ёпишни назарда тутувчи “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган электротехника ва электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга кечиктириш имкониятини бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йилнинг 1 январига қадар:
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси мол-мулк солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлашдан озод этилади;
шартномалар бўйича ташкилотларнинг “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқарилади.
8. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Электротехника саноатида амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш “Йўл харитаси”ни тасдиқласин:
амалдаги электротехника корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича 153,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 22 та инвестиция лойиҳаларини 2019-2021 йилларда амалга ошириш;
2021 йилга юқори қўшилган қийматли тайёр электротехника ва электр-маиший маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини 2 бараварга ошириш;
2021 йилда тайёр электротехника ва электр-маиший маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини 400 миллион АҚШ доллари миқдорига эришиш;
лойиҳа қиймати 500 миллион АҚШ доллари бўлган истиқболли инновация лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун хорижий инвесторларни жалб этиш.
9. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда электротехника саноати корхоналарининг алоҳида сарф-харажатларини, шу жумладан, ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишдаги транспорт харажатларини субсидиялаш механизмини қўллаш бўйича хорижий мамлакатларнинг тажрибасини татбиқ этиш имкониятини ўрганиб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан биргаликда электротехника саноатига инвесторларни ва хорижнинг етакчи электротехника ва электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги икки ой муддатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини оператив тарзда рўйхатга олишда кўмаклашиш ва соҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:
“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда ўз қуйма қувватларида ёки тегишли рангли металларни ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган корхоналарда маҳсулот таннархини пасайтириш учун ишлаб чиқаришга қайта ишланган хомашёни такроран жалб этган ҳолда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш натижасида ҳосил бўладиган рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш механизмини яратиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда бўш турган ишлаб чиқариш объектлари негизида электротехника саноати ихтисослаштирилган кичик саноат зоналари (технопарклари)ни ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, уни жадал ривожлантириш ва диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 13 февралдаги ПҚ-2772-сон қарорининг 13-бандида белгиланган имтиёзларнинг амал қилиши маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида, хомашё товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналардан ташқари, республиканинг барча электротехника саноати корхоналарига татбиқ этилсин.
14. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси электротехника саноати корхоналари билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар кадрлар тайёрлаш эҳтиёжидан келиб чиқиб, электротехника саноати учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, таълимнинг талаб юқори бўлган янги йўналишларини очиш ҳамда таҳсил олаётганларнинг электротехника саноати корхоналари ва тадқиқот муассасалари негизида малака амалиёти ўташи бўйича таклифларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмини жорий этишни назарда тутувчи давлат харидларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.
16. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1-уйда бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.
Бунда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси мазкур объектни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни илгари белгиланган манбалар ҳисобидан тугатишни таъминласин.
17. Адлия вазирлиги “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 4 январь