...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент қарори: 6 сентябрь — “Кураш” миллий спорти куни


08:44, 03.10.2017 Жамият
 2 948

Президент “Кураш” миллий спорт турини оммалаштириш бўйича қарорни имзолади.

Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
 
Кейинги йилларда асрлар давомида мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалолликнинг тимсоли сифатида эъзозланиб келинган, ўзбек халқининг тарихий мероси — “Кураш” миллий спорт турини (кейинги ўринларда кураш деб юритилади) қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида кураш халқаро спорт тури сифатида кенг эътироф этилди, “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта” ва “ёнбош” каби атамалар эса, халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
 
1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси бугунги кунда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияларни бирлаштирган.
 
2010 йилда Кураш халқаро ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Жаҳон допингга қарши агентлигининг эътирофига сазовор бўлди.
 
2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида “Кураш” миллий спорт тури тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.
 
Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси курашни халкаро спорт мусобақалари ва турнирлари дастурларига, келгусида эса, Олимпия ўйинлари дастурига ҳам киритиш бўйича фаол тадбирларни амалга оширмоқда.
 
Шу билан бирга, мавжуд айрим камчиликлар курашни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:
 
биринчидан, “Кураш” миллий спорт турини, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, ўсиб келаётган авлоднинг миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш максадида оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар замон талабларига жавоб бермаяпти;
 
иккинчидан, мазкур спорт тури бўйича қобилиятли курашчиларни аниқлаш ва саралаш ҳамда уларнинг машқ қилиши, шунингдек, мураббий ва ҳакамларни тайёрлашнинг самарали механизмларни жорий этиш имконини берадиган клуб ва секцияларнинг яхлит тизими шакллантирилмаган;
 
учинчидан, ёшларни ушбу спорт тури билан шуғулланишга кенгроқ жалб этишга қаратилган халқаро мусобақалар ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантиришнинг самарали тизими жорий этилмаган;
 
тўртинчидан, зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасининг етарли эмаслиги, спорт анжомларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилмаганлиги спортчилар машғулотларини талаб даражада ташкил этишга ҳамда кураш бўйича халқаро мусобақаларни ўтказишга тўсқинлик қилмоқда.
 
“Кураш” миллий спорт турини аҳоли, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жаҳон спорт майдонида юқори натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида:
 
1. 6 сентябрь — “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида белгилансин.
 
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
 
Нукус шаҳри ва вилоят марказларида “Кураш” миллий спорт тури марказлари, ҳар бир туман (шаҳар)да замонавий спорт клублари ва секцияларини ташкил этиш;
 
кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирларни доимий асосда ташкил этиш ва ўтказиш;
 
кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирлар иштирокчиларининг автоматлаштирилган маълумотлар базасини жорий этиш;
 
“Кураш” йўналиши бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул квоталарини ошириш;
 
мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган “яктак” спорт кийимлари ва “кураш гилам”ларини ишлаб чикаришни ташкил этиш;
 
курашни, шу жумладан, реклама кампанияларини ўтказиш ва ижтимоий роликларни намойиш этиш оркали оммалаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси “Кураш” миллий спорт турини “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинлари дастурига ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин.
 
4. Ўзбекистон кураш федерациясининг Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида “Кураш” миллий спорт тури маркази” нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш ва Тошкент шаҳар, Корхожаота кўчаси, 25-уй манзили бўйича жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

 
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Кураш” миллий спорт тури марказини мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган манзил бўйича бепул жойлаштирилишини таъминласин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг бўлинмалари фаолиятини мунтазам қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, “Кураш” миллий спорт тури маркази биносини реконструкция қилиш ва моддий-техник жиҳозлаш учун ҳомийлик маблағларини жалб этиш бўйича таклифлар киритсин.
 
6. Қуйидаги тартиб ўрнатилсин, унга мувофиқ:
 
юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси (ялпи тушуми) Ўзбекистон кураш федерацияси фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилган бадал, ҳомийлик ва хайрия ёрдам кўринишидаги маблағлар микдорига, лекин солиқ солинадиган фойданинг (ялпи тушумнинг) ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камаяди;
 
Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан спортчилар ва мураббийларга топшириладиган пул мукофотлар ва қимматбаҳо совғалар кўринишидаги даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод килинади.
 
7. Спортчиларни ҳаммабоп ва сифатли спорт кийимлари ва инвентарлари билан таъминлаш мақсадида асосий фаолияти “яктак” спорт кийимлари ва (ёки) “кураш гилам”ларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар беш йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинсин, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бундан мустасно.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
 
Ўзбекистон кураш федерациясининг буюртмалари бўйича курашни ривожлантириш, мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кириш визаларини расмийлаштиришни таъминласин;
 
Ўзбекистон кураш федерациясига хорижда кураш бўйича халқаро мусобақалар ва турнирларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон кураш федерациясининг буюртмалари бўйича курашни ривожлантириш, мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини ва муддатининг узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
 
10. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига спорт мусобақалари ва турнирларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиш орқали курашни оммалаштиришга кўмаклашиш тавсия этилсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:
 
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартибини жорий этиш ҳақидаги;
 
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент, 2 октябрь

Теглар:Шавкат Мирзиёев Президент қарори Кураш спорт тури 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар