...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент нефть-газ саноати ривожига бағишланган йиғилиш ўтказди


18:32, 20.11.2018 Жамият
 2 737

Шавкат Мирзиёев соҳада қилиниши керак бўлган ишларни қайд этди.

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нефть-газ саноатидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилиш ва соҳани янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
 
Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” жамияти раҳбариятига геология-қидирув ишлари ва қазиб олиш ҳажмини ошириш, конларни модернизация қилиш ва янгиларини очиш, нефть-газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, инвестицияларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Жаҳон тажрибаси асосида бу ишларга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, давлат ва инвесторлар манфаатини ҳимоя қилишни таъминлайдиган янги механизмлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.


 
Шунингдек, 2017-2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олиш дастурининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва уни молиялаштириш бўйича жорий йил якунига қадар таклифлар киритиш топширилган.
 
Магистрал газ қувурлари ва газ тақсимот тизимининг асосий қисми таъмирталаб ҳолатга келган. Келажакда истеъмолчиларни кафолатланган табиий газ билан таъминлаш мақсадида магистрал газ транспорт тизимини модернизация қилиш ҳамда газ оқимини бошқариш (SCADA) тизимини жорий этиш бўйича 1,6 миллиард долларлик лойиҳа амалга оширилади.
 
Бундан ташқари, газ тақсимот тизимини модернизация қилиш, газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими тизимини жорий этиш лойиҳаларига хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
 
Бугунги кунда табиий газнинг атиги 2 фоизи чуқур қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олинаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу кўрсаткични 7 баробар ошириш имконияти бор. Шунинг учун “Ўзбекнефтгаз” жамияти нефть ва газ кимё йўналишига устувор аҳамият қаратиши зарурлиги таъкидланган.
 
Жумладан, ароматик углеводородлар (бензол, толуол, ксилол), метанолдан олефин олиш технологияси асосида янги маҳсулотлар – полистирол, полиэтилентерефталат ва синтетик каучуклар ишлаб чиқариш, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкони мавжуд. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишга 9 миллиард доллар атрофида маблағлар жалб қилиниши лозим.
 
Шунинг учун Европа мамлакатлари, Япония, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликларидаги йирик компанияларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар