...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент ижодкорлар билан учрашиб, маданият ва санъатнинг бизнесга айланишига қаршилигини айтди


09:30, 04.08.2017 Жамият
 2 842

“Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев кеча, 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда миллий маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари раҳбарлари, Бош вазир, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва хўжалик бирлашмалари, банклар, ижодий уюшмалар, етакчи оммавий ахборот воситалари, маданият муассасалари, театр ва музейлар раҳбарлари, адабиёт, санъат ва маданият соҳасининг атоқли намояндалари, журналистлар иштирок этди. Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Маданият вазирлиги, ижодий уюшмаларнинг ҳудудий бўлимлари, жойлардаги маданият муассасалари, теле-радиоканаллар, газеталар раҳбарлари, ижодкор зиёлилар қатнашди.
 
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилган.
 
Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар қатори маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари ривожига катта эътибор берилмоқда. Айниқса, кейинги пайтда бу соҳа равнақини янги босқичга кўтариш бўйича улкан ишлар қилинмоқда.
 
Халқнинг бой маданий меросини тиклаш ва ўрганиш мақсадида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахт Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда. Китобхонлик маданиятини ошириш, маданият ва санъат соҳасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилиб, ҳудудларда улуғ санъаткорлар номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил қилинмоқда.
 
Давлат раҳбарининг учрашувдаги маърузасида маданият ва санъатнинг ривожланиш жараёнлари, бу борадаги ижобий тенденциялар билан бирга, айрим салбий ҳолатлар, уларнинг жамият ҳаётига таъсири холисона ва танқидий баҳоланиб, ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Ижодий уюшмалар, Маданият вазирлиги ҳамда унинг таркибидаги бирлашма ва ташкилотлар фаолияти чуқур таҳлил этилди. Ижодкор зиёлиларнинг бугунги кунда жамият ҳаёти, ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва вазифаси ҳақида муҳим ва долзарб фикрлар баён қилинди.
 
Президент халқнинг маънавий камолотида ижодкорларнинг хизмати беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб, тараққиётнинг ҳозирги босқичида барча соҳалар вакиллари қатори маданият ва санъат аҳлидан ҳам янада фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи талаб этилаётганини таъкидлади.
 
“Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
 
Президент Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқотнинг аҳамияти, мантиқий натижаси ҳақида сўз юритиб, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган фикрни қатъият билан таъкидлади.
 
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, академиклар О.Салимов, Р.Убайдуллаева, Бадиий академия раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳ.Худойбердиева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби А.Слоним, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори С.Ғафурова, Ўзбекистон халқ артисти О.Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Ҳ.Насимов, Бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ж.Пиязов ва бошқалар маданият, адабиёт ва санъат соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор, самимий мулоқот учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, белгилаб олинган мақсад ва вазифалар, яратилаётган шароит ва имкониятлар ижод аҳлини янги ва сермазмун асарлар яратишга руҳлантириши, барча ижодий ташкилотларни ўз фаолиятини қайтадан кўриб чиқиб, уни ҳар томонлама самарали ташкил этишга даъват этишини таъкидладилар.

Теглар:Маданият ва санъат Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар