Шавкат Мирзиёев: уч йилда Хивада 20 га яқин меҳмонхона қурилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Фаровон” меҳмонхонасининг қурилиш участкасида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хива шаҳридаги Амир Темур кўчасида қурилиши режалаштирилган ушбу меҳмонхона қадимий меъморчилик услубида 3 қаватли қилиб бунёд этилади. Унда турли даражадаги меҳмонларга мўлжалланган хоналар, конференция заллари, спорт майдончалари, ресторанлар, кўнгилочар масканлар ва бошқа имкониятлар мавжуд бўлади. Меҳмонхонага франциялик ишбилармонлар инвестиция киритади.
“Бу ерга келишимизнинг асосий мақсадларидан бири Хивани туристик зонага айлантириш бўйича қилаётган саъй-ҳаракатларимизни яна бир бор таҳлил қилишдан иборат”, деди Давлат раҳбари.
Туризмни ривожлантириш учун сайёҳларга шароит яратиш, келгуси уч йилда Хивада 20 га яқин меҳмонхона қурилиши борасида ўз фикрларини билдирди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Вилоятдаги Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот магистрал ва хўжаликлараро каналларининг 120 километри реконструкция қилинган. Режадаги 607 гидротехник иншоотдан 318 таси янгидан қурилди. Бу ишлар натижасида 279 дона насос агрегатларидан воз кечилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўзи оқар сув билан таъминланади ва 31,6 миллион киловатт соат электр энергия иқтисод қилинади.