Президент Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
Кеча, 5 аперль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг маъсулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлнинг самарали давом эттирилиши мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда, халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашда ва аҳоли фаровонлигининг ошишини таъминлашда энг муҳим омил ҳисобланади.
Очиқ ташқи сиёсатнинг фаоллашуви натижасида хорижий мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилди, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сезиларли даражада кенгайди, халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ва хориждаги ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатилди, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар ҳал этилмоқда.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини таҳлил қилиш, биринчи навбатда, давлатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида қўйилган вазифаларни самарали бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:
биринчидан, амалдаги норматив-ҳуқуқий база дипломатик хизматнинг барча масалаларини тўлиқ тартибга солмайди, тўпланган ҳуқуқий ва амалий тажрибани тўлиқ акс эттирмайди, шунингдек, замон талабларига мос келмайди;
иккинчидан, ташқи сиёсий идоранинг ташкилий-штат тузилмаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий соҳалардаги стратегик вазифаларни ҳал этиш учун мавжуд ресурсларни самарали сафарбар қилишга йўналтирилмаган;
учинчидан, давлат органларининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигининг, шунингдек, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида самарали ва мувофиқлаштирилган ишларни олиб боришнинг аниқ белгиланган механизмлари мавжуд эмас;
тўртинчидан, ташқи сиёсий идоранинг ишларини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ва режалаштириш қисман амалга оширилмоқда, ташқи сиёсатнинг устуворлиги бўйича ишлаб чиқилаётган таклифлар мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш масалаларини лозим даражада ҳисобга олмаяпти;
бешинчидан, мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда;
олтинчидан, консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлик ва сифат даражаси, Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш даражаси қониқарсиз аҳволда қолмоқда;
еттинчидан, хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқот йўлга қўйилмаган, республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда уларнинг салоҳиятидан фойдаланилмаяпти;
саккизинчидан, кадрлар сиёсатининг самарасизлиги, шунингдек, ташқи сиёсий идора ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ва ижтимоий ҳимояланишининг паст даражада эканлиги юқори малакали дипломатик таркибни шакллантириш имкониятларини сезиларли даражада чекламоқда, дипломатик хизматнинг обрўсини туширмоқда ва малакали мутахассисларнинг соҳани тарк этишига сабаб бўлмоқда;
тўққизинчидан, илғор ахборот-коммуникация технологияларининг етарли даражада жорий этилмаслиги устувор вазифаларни ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда, тезкор ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабат билдиришни, шунингдек, “рақамли дипломатия” воситаларини ривожлантириш имконини бермаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифаларига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини ислоҳ этишнинг энг муҳим йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
биринчидан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти ва ташкилий-штат тузилмасининг норматив-ҳуқуқий асосларини “иқтисодий дипломатия”ни ривожлантиришга урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;
иккинчидан, республиканинг ягона ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда Ташқи ишлар вазирлигининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, шунингдек, тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу йўналишдаги вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш ва ажратиш;
учинчидан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолиятига мамлакатимиз маҳсулотлари, ишлари (хизматлари) экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, инвестициялар, илғор технологиялар ва туристлар оқимини мамлакатга жалб этишга йўналтирилган янгича ёндашув ва усулларни жорий этиш;
тўртинчидан, энг аввало, миллий ва хорижий экспертлар жамоалари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан мунтазам ҳамда мақсадли ахборот алмашиш ишларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини шакллантиришда “оммавий дипломатия” воситаларини фаол қўллаш;
бешинчидан, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлаш механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, хориждаги ватандошларимиз билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш;
олтинчидан, ички идоравий режалаштириш ва назорат қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, ҳисобот бериш тартиби ва шаклларини соддалаштириш, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини шакллантириш;
еттинчидан, дипломатик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ротациясини таъминлаш ҳамда истиқболли захирасини шакллантиришнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида кадрлар сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш;
саккизинчидан, дипломатик хизмат органлари ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ва ижтимоий ҳимоя қилинишини яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш;
тўққизинчидан, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, глобал ахборот майдонида мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида:
а) Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармаси ва унинг тузилмасига кирувчи:
Хорижий инвестициялар ва молиявий-техникавий кўмак воситаларини жалб қилиш бошқармаси;
Экспорт ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш бошқармаси;
Ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси;
Туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бошқармаси;
б) Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати негизида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси;
в) Консуллик бошқармаси негизида Консуллик-ҳуқуқ департаменти;
г) Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими;
д) Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ва унинг таркибида Мурожаатларни қабул қилиш сектори (call-center);
е) Дипломатик сервис хизмати негизида Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси;
ж) “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида “Дунё” ахборот агентлиги
ва Медиа-марказ;
з) Таржимонлар бюроси;
и) Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази негизида Таҳлил
ва прогнозлаштириш маркази;
к) Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ташкил этилсин.
3. Хорижда стипендиантларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилсин.
4. Ташқи ишлар вазирлигининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасаларини ривожлантириш Республика жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмати органларини ривожлантириш жамғармаси тузилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ташқи ишлар вазирлиги ягона ташқи иқтисодий йўлни амалга ошириш, мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти мувофиқлаштирилишини 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа давлат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига унинг ташқи иқтисодий соҳасидаги асосий вазифалари амалга ошишида амалий ёрдам кўрсатилишини, шу жумладан, сифатли ишланган маълумотномалар, ҳужжатлар ва материалларни ўз вақтида тақдим этган ҳолда таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
дипломатик ваколатхона раҳбари ўзи ишлаб турган давлатда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлни самарали давом эттириш, мамлакат манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикасининг олий расмий вакили ҳисобланади;
олий маълумотга эга бўлган, давлат ва чет тилларини яхши биладиган, тегишли ишбилармонлик, маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган, шунингдек, тарих, маданият соҳаларини, миллий анъаналар ва урф-одатларни, Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини чуқур биладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси дипломатик ваколатхона раҳбари бўлиши мумкин;
ўзлари ишлаб турган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ходимлари ва давлат органлари расмий вакиллари идоравий мансублиги ва ҳисобдорлигидан қатъий назар, дипломатик ваколатхонанинг раҳбарига сўзсиз бўйсунади ва зиммасидаги вазифаларни бажаришда ўз фаолиятини у билан мувофиқлаштиради.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги амалиётига қуйидагилар киритилсин:
а) республикани ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ҳисобга олиб, хорижлик шерикларнинг савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва илмий-техник имкониятларидан, улар билан ҳамкорлик даражаси ва кўламидан, уларнинг халқаро муносабатлар тизимидаги роли ва ўрнидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини доимий асосда ишлаб чиқиш.
Белгилансинки, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари вазирлик ва идораларнинг амалий фаолиятида, шу жумладан, хорижий шериклар билан алоқаларда мезон бўлиб хизмат қилади;
б) ташқи иқтисодий фаолиятга (мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ривожлантириш, инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш, туристлар оқимини кенгайтириш) ва ахборот-тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, хорижий мамлакатлар билан фаол ва тизимли ишлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари йиллик “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
в) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларига юбориладиган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутган ҳолда “тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари – Ташқи ишлар вазирлиги – хориждаги муассаса – Ташқи ишлар вазирлиги, тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари” принципи асосида идоралараро кадрлар ротацияси;
г) эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига маълумот бериш учун ҳар ойда ташқи ишлар вазири томонидан хорижий муассасалар раҳбарларининг ўзи ишлаб турган давлат ва халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилиш бўйича зиммасидаги вазифаларни ва тасдиқланган “йўл хариталари”ни амалга ошириш жараёни тўғрисидаги шахсий ҳисоботларини эшитиб бориш.
8. Қуйидагилар тасдиқлансин:
ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ва Дастурда назарда тутилган тадбирлар ва вазифалар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминласин.
9. Белгилаб қўйилсинки, Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги ва Медиа-маркази, Таҳлил ва прогнозлаштириш маркази, Таржимонлар бюроси Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
а) тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан республиканинг ягона ташқи иқтисодий сиёсатини амалга ошириш ҳолатини мунтазам равишда таҳлил қилсин ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;
б) Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин;
в) Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
ишлаб турилган мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазиятни, товарлар, ишлар (хизматлар) қиймати индексациясини, шунингдек, валюта курсининг ўзгарувчанлигини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари ходимларининг иш ҳақларини ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларига узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган ходимларнинг лавозим маошлари миқдорларини беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқиш амалиётини жорий қилиш бўйича таклифлар киритсин;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий шериклар ўртасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ўрта ва узоқ муддатли манфаатларига асосланган икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Ташки сиёсий концепцияси (янги таҳрири) лойиҳасини киритсин;
д) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шу жумладан, жойларга чиқиш орқали уларни танқидий ўрганиш якунлари бўйича таклифларни киритсин;
е) бир ой муддатда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда киритсин;
илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда таълим сифатини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг замонавий ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Университет фаолиятининг долзарб вазифалари ва йўналишларини қайта кўриб чиқиш;
манфаатдор идораларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалиётда талаб қилинадиган мутахассисларнинг аниқ мақсадни кўзлаб тайёрланишини таъминлаш, шунингдек, улар орасидан дипломатик кадрларнинг истиқболли захирасини шакллантириш мақсадида бакалавриатда ўқиш муддатини ва бакалавриатга қабул қилиш квоталарини камайтириш;
“Халқаро иқтисодиёт ва менежмент” ҳамда “Халқаро журналистика” мутахассисликлари бўйича бакалаврлар тайёрлашнинг янги йўналишларини жорий қилиш;
Университетда хорижий мамлакатлар делегацияларига хизмат кўрсатиш ва расмий тадбирлар ўтказишни юқори ташкилий даражада таъминлайдиган профессионал таржимон ва гидларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини прогноз баҳолаш билан фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини тизимли таҳлил қилишда Университетнинг ролини кучайтириш.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини ҳар чоракда Вазирликнинг марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари раҳбарлари ва ходимлари, вазирлик ва идоралар, соҳа ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа режимида танқидий кўриб чиқсин;
пойтахт ҳудудида ер участкалари ажратилишини ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчилари учун уй-жойлар ва Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик ходимлари учун тўртта кўп квартирали уй қурилишини ҳамда уларнинг 2019 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилишини таъминласин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари учун хорижий шериклар билан музокара жараёнини, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлик тақдимотини ташкил этиш масалалари бўйича ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа масалалари бўйича, шу жумладан, жойларга бориш орқали семинар ва тренинглар ўтказилишини ташкил қилсин.
12. “Ипотека-банк” АТИБ, “Асака-банк” АТБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2660-сонли ва 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3350-сонли қарорларида назарда тутилган шартлар асосида элчилар ва Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ходимлари уй-жой ҳамда кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиши учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш тавсия этилсин.
13. Ташқи ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) бир ҳафталик муддатда Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмат органларини ривожлантириш жамғармаси низомини тасдиқлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин;
б) икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур Фармонга мувофиқлаштирсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-769-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.В.Махмудов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 апрель
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 апрель
Икром Раҳмон тайёрлади